Леонардо Ди Каприо «Калмар ўйини»да суратга тушиши мумкин

Леонардо Ди Каприо «Калмар ўйини»да суратга тушиши мумкин

Голливуд актёри Леонардо Ди Каприо «Калмар ўйини» сериалининг учинчи мавсумида суратга тушиши мумкин. Variety хабар беришича, сериал режиссёри Хван Дон Хёк Сеулда ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди.

16 сентябр куни Netflix компанияси ушбу лойиҳа («Калмар ўйини») «Эмми» мукофоти билан тақдирланиши шарафига матбуот анжуманини ташкиллаштирди. Тадбирда режиссёрдан сериалнинг иккинчи мавсумида Голливуднинг таниқли актёрларидан биронтаси қатнашадими, деб сўрашди.

«Иккинчи мавсумда Голливуднинг биронта таниқли актёрини кўрмайсиз. Бу режада йўқ. Чунки воқеалар яна Кореяда бўлиб ўтади. Агар режамиз ўзгарса, учинчи мавсумда Голливуд актёрини таклиф этишимиз мумкин. Леонардо Ди Каприо «Калмар ўйини»нинг мухлиси эканини айтганди, агар вақт ва қурбимиз имкон берса, уни «Ўйин»га қўшишга уриниб кўрамиз», — деди режиссёр Хван Дон Хёк.

Хваннинг айтишича, «Калмар ўйини»нинг иккинчи мавсумини суратга олиш 2023 йилда бошланиб, 2024 йилда намойиш этилиши режалаштирилган.