Толиб Мўминов 50.000 сўм пул, кўчадаги ўқитувчи, Баталов, Безруков ва фарзандлардан хавотири ҳақида (видео)

Толиб Мўминов 50.000 сўм пул, кўчадаги ўқитувчи, Баталов, Безруков ва фарзандлардан хавотири ҳақида (видео)

Унинг қаҳрамонлари худди ўзи каби мулойим, беозор, қўй оғзидан чўп олмаган. Кулгиси ва қарашлари маъюс. Гаплари сокин, салмоқли, тош босадиган даражада. Ижросидаги роллари ранг-баранг бўлса-да, шундай маҳорат билан ижро этганки, гўё бошқа актёрлар буни уддалай олмайдигандек таассурот туғдиради. Бугун меҳмон театр ва кино актёри, маҳоратли ижодкор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, «Шуҳрат» медали соҳиби Толиб Мўминов.

– Сиз кейинги вақтларда кинода фаоллашиб қолдингиз. Бош ролларни ўйнаяпсиз. Мана, яқинда «Пулинг бўлса...» фильмидаги ролингиз билан халқнинг янада эътирофига сазовор бўлдингиз. Нима деб ўйлайсиз, режиссёрлар мулойим, беозор қиёфангиздан келиб чиқиб шундай роль беришадими ёки бугун бу каби ролларга эҳтиёж борми?

– Режиссёрлар актёрнинг ўйнаган ролларига қараб, мана шу роль мос келса керак, деб танлашади, албатта. Лекин бу борада менинг фикрим ўзгача. Режиссёрлар актёрни драматик роль ўйнаса, комедик ролларни ўйнолмайди ёки аксинча, комедик ролларни ўйнаса драматик ролларни ижро этолмайди, деб ўйлашади. Бу нотўғри фикр. Профессионал актёр трагедияда ҳам, драмада ҳам, комедияда ҳам ўйнай олиши керак. Ҳар битта актёр режиссёрнинг айтганини қилиши зарур. Биз пластилинмиз, қаерга бураса, шу ёққа ўгириламиз.

«Пулинг бўлса...» фильмини ипак ҳақида дейишганди. Мен ўйнаган персонаж Алижон Айғомович ипакчилик соҳасида кашфиёт қилган олим, ўз касбининг фидойиси, профессор. Фильмнинг бадиий жамоаси бу кинони суратга олишдан бир-икки йил аввал айтганди, бош ролда сизни кўряпмиз, сизни тасдиқладик, деб. Бошқа режиссёр суратга олмоқчи эди. Битта мен эмас, бошқалар ҳам бўлган. Кастинг ўтказилган, қўшимча актёрлар чақирилган. Ўзимиз кўзимиз билан кўрдик, пробалар топширдик. Аммо ярим йил қолиб кетди. Охирида фильмни оладиган режиссёр аниқ бўлди. У Илҳом Ибрагимовнинг қўлига тушди. Фильмда кўчадан келган актёрлар йўқ. Ҳаммаси профессионал, ўзининг нуфузи, ҳурматига эга, эл қалбидан жой олган инсонлар, фильмнинг фильмбоп бўлишида актёрларнинг ҳиссаси бор, деб ўйлайман. Томошабинлар таниқли инсонларни кўрса, фалон актёр чиқибди, писмадон актриса ўйнабди, деб бошқа каналга ўтиб кетмайди.

Бу фильм ҳақиқатан тажрибадан, тасдиқдан ўтди. Қийинчиликлар билан юзага келган фильм яхши чиқар экан. Осон олинса, осонгина, тезда унутилиб кетади.

Мен театрда ишлайман. У ер – катта даргоҳ. Ҳам театр, ҳам кинони бир пайтда олиб бориш баъзида қийинчилик туғдиради. Гоҳида раҳбариятдан гап эшитишга тўғри келади. Асосий иш жойингиз театр бўлгач, кинода улар вақтингизни сўрайди. Эрталабдан кечгача сўрайди. Баъзида 5 – 10 кунлаб сўрайди.

Биз спектакль ўйнаймиз. Репетициялар бўлади. Шу аҳволда чиқиб кетдик. Яхши бўлди. Ўзимиз ҳам кутмаган эдик, тезда эътирофга сазовор бўлишимизни. Фильмни 5-6 марталаб кўряпмиз, деганлар бор. Бўларкан-ку, Элдар Рязановнинг дастхатига ўхшабди, дейишди. Шарҳлар ёзиляпти, негатив фикр йўқлиги одамни қувонтиради. Меҳнатингиз зое кетмаганидан далолат беради. Мен, бу битта актёрнинг эмас, энг аввало, режиссёрнинг иши, деб ўйлайман. Режиссёр фикрини уқтира олдими, фильмни кўра олдими, фильм ўзи ўйлаган даражада чиқдими, демак, бу Илҳомжоннинг ютуғи. Ютуқларимиз бардавом бўлсин. Мазза қилиб кўрдик, зўр деган фикрларни эшитиш нақадар завқли актёр учун.

– Бу кинодаги илк бош ролингизми?

– Мен кинода бош ролларни жуда кўп ўйнаганман. Телевидениеда ҳам, «Панорама»да ҳам, катта экранларда ҳам кетган. Битта бу эмас.

Биласизми, маълум вақт шундай бўлади ўзи. Актёр давр ўтиши билан юзага чиқиб қолади. Одамлар яна эслайди сизни. Бир кетади, кейин яна бир маъқул, манзур роль билан чиқиб қоласиз-да, яна эслашади сизни.

– Сизни катта кинога қайтарган «Менинг акам бўйдоқ», «Энди дадам бўйдоқ» фильмлари суратга олинганига ўн йилдан ошибди. Ролларингиз зўр чиққан. Аммо сизни таклиф этишга қаршиликлар бўлган экан.

– Ҳа, эшитган экансиз. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Биз Алишер Узоқов билан ижодкор сифатида бир-биримизни яхши биламиз. «Менинг акам бўйдоқ» фильмидаги ролимга бошқа актёрлар ҳам таклиф қилинган, лекин Алишер Узоқов режиссёр бўлгани боис, мен бу ролда Толиб акамни кўряпман, у ўйнаши керак, деб туриб олган. «Менинг акам бўйдоқ» фильми муваффақиятли чиққач, олти ойлаб «Панорама»дан тушмади, кассабоп бўлди. Кейин Жаҳонгир Аҳмедов билан биргалашиб фильмнинг иккинчи қисмини – «Энди дадам бўйдоқ»ни суратга олишди. 2011 йилда биринчиси олинган бўлса, 2012 йилда «Энди дадам...» ишланди. Ўзингиз биласиз, одатда, иккинчи фильм биринчисидан зўр чиқмайди. Бунда эса тескариси бўлди. «Энди дадам бўйдоқ» биринчисидан ўзиб кетди, халқ оғзига тушди. Ўша йиллари мен қаерга борсам, «эллик минг-а, индамай лўлига бериб юбордингиз-а», дейишарди. Ҳазил-ҳузул қилардим. «Хотиним яхши қилди бериб, лўли келмаяпти уйимга, бемалол гастролда юрибман», дердим. Баъзилар гап ҳам отади, «Шахмат ўйнаб турасизми?..» «Уйландингизми?..» «Уйланмайсизми?..» ва ҳоказо. Эшитишга мажбур бўлардим. Ҳатто ҚВЗ ўйинларида «Эллик минг-а?» деган иборалар чиқди. Баъзида хафа бўлиб қоламан. Маданиятли томошабин бўлсанг, фикрингни айт, мана шу жойи менга ёққан, дегин. Масхаромуз бўлмасин, дейман-да! Лекин йиллар давомида шу фильмлар муваффақиятли бўлган. Одамларнинг «чипталарни оилавий олиб қўйганмиз, қайта-қайта кўрамиз, меъдамизга тегмайди» деганларини эшитганмиз.

Ҳар бир ижодкорнинг қандайдир даври бўларкан: гоҳида сокинлик, гоҳида бир хиллик. Ҳаёт шундай. Худога шукр, бардавом бўлсин. Яхши фильмларда, яхши асарларда ўйнаш насиб қилсин. Бутун дунёни забт этсин фильмларимиз. Тарихий шахсларни, Ибн Сино ролини ўйнайлик. Амир Темур, Бобур ролларини ўйнаш насиб қилсин. Олинган, олиняпти, бутун дунёни танитадиган шахслар кўпайсин.

 Режиссёрлар сизни ижобий ролларда кўпроқ кўришади. Томошабин ҳам шу ролда сизни қабул қилади. Салбий ролларга қандай қарайсиз? Театрда салбий ролларингиз бўлиши мумкин, аммо кинода кам бўлса керак.

– Салбий ролларни кам ўйнаётганимнинг сабаби бор. Театрга илк қадам қўйганимда, Дилором Каримова режиссёрлигида «Қуёши ботмайдиган юрт» сериали суратга олинаётган эди. Мен унда салбий ролни ўйнаганман. Ўшандан кейин томошабинлардан ҳам, ҳаттоки ўзимизнинг отахон театримиздаги устоз ижодкорлардан ҳам, Толибжон, шу ролингиздан кейин сизни ёмон кўриб қолдик, дейишди. Бундан ҳам хурсанд бўлдим, ҳам ўйланиб қолдим. Ижодимнинг бошланишида мени томошабин ижобий қабул қилсин деб салбий ролларни ўйнашни тўхтатганман. Кўчада бир ўқитувчи мени тўхтатиб, «Қуёши ботмайдиган юрт» сериалини томоша қилганимда сизни ёмон кўргандим, кейин-кейин ижодингиз билан танишиб, бу бошқача йигит экан-ку, деганман, деди.

– Ота изидан борганлар кам бўлмайди, дейишади. Санъат соҳасида қандай? Машҳур инсонларнинг фарзанди отасининг изидан боради. Аммо маълум мавқега эришганидан кейин фикри ўзгара бошлайди. Мен ўзимнинг кучим, истеъдодим билан машҳурликка эришдим, дейди. Шунақа қарашларга сиз нима дейсиз, Теша Мўминовнинг фарзанди сифатида?

– Албатта, биринчидан, хурсандман. Отам шу касбни танлаганимда, менга йўқ демаганлар. Катта даргоҳда ўқишим, Москванинг ВГИК кинематография институтига боришимга шароит яратиб берганлари учун. Бу ёқда икки йил ўқиб борганимда, дада, мени ўқитганингиз учун катта раҳмат деганимда, катта қозонда қайна, деганман-да, дедилар. Чунки ҳар бир актёрнинг қандай роль ўйнаши устозга боғлиқ. Меъёрда ўйна, табиий ўйна,  самимий ўйна, бўрттирмай ўйна, деб талаб қилишади...

Сценарийда кўп нарсалар бўлади, режиссёр айтиб турсаям қилгим келмайди. Табиатим кўтармайди, чунки мен эшитганман, кўрганман ўша устозларни. Юрагим йўл қўймайди.

– Сохта,  сунъий...

– Ҳа, сохта, сунъий, аммо ижро этиш керак. Чунки актёр роль танламайди.  Сизга роль беришади. Мажбурсиз ўйнашга. Чунки ойлик маош оласиз, асосий иш жойингиз бўлгани боис мажбурсиз ўйнашга. Ўзингиз кўришингиз бўйича хоҳ салбий, хоҳ ижобий роль бўлсин, битта меъёрни олишни ўйлайсиз.

Саволингизга келсак, мен Теша Мўминовнинг ўғли бўлганимдан фахрланаман. Ота-бола катта даргоҳда бирга фаолият кўрсатаётганимиздан фахрланаман. Жуда кўпчилик ҳавас қилади. Яна бир томони борки, Теша Мўминовнинг ўғли бўлиш яхши, Толиб Мўминовнинг номи ҳам чиқса деб ният қилардим. Бу соҳада ўзингнинг номинг бўлмаса, ота-онанинг соясида қолиб кетиш ҳам бўлмас экан.

– Фарзанд отадан ўзиб кетса, ота-она хурсанд бўлади.

– Шунинг учун яхшими-ёмонми, каттами-кичикми, ўз номингиз билан чиқсангиз яхши. Санъат шунақа соҳа, бир мавқега эришсангиз, бу асарни сиз учун алоҳида ёздик деб туришса, хурсанд бўласиз. Фильмлар бор, «Панорама»да ҳам бир-бир қўйиб туришади. Олти ойлаб суратга олинган фильмларимиз бор. Шукр, роль ўйнаган фильмларимиз бор. Шулар билан танилдик, худога шукр.

– Болалигингиз Бухорода ўтган. Санъатга, актёрликка қизиқишингиз қандай шаклланган,  мактаб давриданми?

– Тўғрисини айтсам, мен актёр бўламан, деб ўйламаганман. Адабиёт ўқитувчиларимиз сизда истеъдод бор, отангизнинг йўлидан боринг, деб уқтираверишди. Шу йўлдан кетдик. Отангизнинг касби деб, ўйлаб кўришга мажбур қилишди.

– Ўзи ким бўлмоқчи эдингиз?

– 7-8-синфлигимдан кейин актёр бўлиш орзуси туғилди. Олдиндан билмайди одам нима бўлишини. Раҳматли онамиз, сени юрист қиламан, дердилар. Ҳуқуқшунос бўласан дегандилар, лекин ота касби кучлилик қилди. Ота йўлидан бордик. Ва шукр қиламан, Аллоҳга шукр, мамнунман. Шу йўлдан юриб, устозларни кўриб, дуоларини олиб келяпман.

 Бошқа ака-укаларингиз қайси йўлдан кетишди?

– Ҳа, бошқа укаларимиз, сингилларимиз бор. Дадам кичкина укамга актёр бўласанми,  сенинг гавданг, бўй-бастинг бор, дедилар. Аммо у хоҳламади. Сабаби, муҳитни кўрди-да! Отани, акани кўради, актёрлик муҳитини кўрди. Бу касб енгил эмаслигига ҳақиқатдан ишонч ҳосил қилган бўлса, уни хоҳламади. Ҳозир тадбиркорлик қиляпти. Шарқшунослик институтини битирди. Катта укамиз ҳам, кичиги ҳам ўқиди, «дипломатия» университетида,  «юридический»да. Америкада таҳсил олиб қайтди, бу ерда ишлаяпти.

Мендан кейинги синглимиз фан номзоди, шифокор, ТошМИда фаолият кўрсатади, дарс беради. Ҳаммамиз ҳар хил соҳадамиз.

Дадам ҳар биримизни ўқитишга ҳаракат қилганлар, яхши тарбия берганлар. Жуда талабчан бўлганлар. Ҳозир ҳам шундай. Тўғри қилган эканлар. Бугун фарзандларга қўллаяпмиз шуни. Кечагина, қаттиққўллик ортиқчамикан деб ўйлаган бўлсак, ҳозир эса бу керак экан, деб биляпмиз. Фарзандлар тўғри йўлда юриши, йўлдан адашмаслиги, вақтини бекор ўтказмаслигига ҳаракат қиламиз.

Уч ўғлим бор. Иккитаси олий ўқув юртида – Вестминстер университетида, биттаси мактабда ўқияпти. Катталари  2 ва 4-босқич талабалари, кичкинамиз 3-синфга ўтди. Катта ўғлимнинг исми Ҳожиакбар. Иккинчиси Иброҳимжон Успенский мусиқа мактабида ўқиган. Санъаткор бўласан, ажаб эмас, сен ҳам эртага шу сулолани, авлоднинг йўлини давом эттирсанг, деб бергандим. Кейин кузатдим. 8-синфга ўтганида шарт қўйдим. Санъаткор бўласанми ёки бошқа соҳани танлайсанми, дедим. Чунки ўғлимда жуда катта хоҳишни кўрмадим. «Бўлсанг зўр ижодкор бўлгин, акс ҳолда, йиғиштир, дедим. Биз бошимиздан ўтказдик. Бу иш меҳнат, репетиция, ҳаракатни талаб қилади. Актёр ўз устида ишламаса қолиб кетаверади. Омад келмаса ҳам шундай. Омад келиши учун битта-иккита режиссёрни кўриб, кейин уланади, бу занжир», дедим. «Дада, йиғиштираман», деди ўғлим. «Тўғри қиласан, – дедим. – Санъат – машаққатли касб, бўлмаса, инглиз тили, математикага йўналиш берамиз...»

Мана ҳозир университетда ўқияпти. Замон ўқиганники, илмли бўлсанг, бирор нарсага эришасан, меҳнат қилсанг эришасан, чунки ҳозир илмли ёшларимиз жуда кўп. Улар ўқиб, шиддат билан кириб келяпти ҳар бир соҳага. Рақобат жуда катта. Баъзида хавотир ҳам оласан, гарчанд катта университетларда ўқиётган бўлсалар ҳам, келажакда ўрнини топиб кетармикан, деб. Эртага бирор иш билан таъминлашга имконият бўлармикан, деб.

– Москвадаги ўқишингиз ҳақида. Сизни машҳур рус актёри Баталов ўқитган экан.

– Ҳа, Алексей Владимирович Баталов ўқитган. Жавоҳир Зокиров, Фахриддин Шамсиметов, Муҳаммаджон Раҳимов билан бирга ўқиганмиз. Аввалига биз бу ерда ўқиб юргандик. Театр ва рассомчилик санъати институтида иккинчи босқични битириб, учинчи босқичга ўтаётганимизда Москвадан ўқитувчилар келишди. Биз, ўзбек курсига қабул қиламиз, дейишди. 90-йиллар эди ўшанда. Ўзи 1988 йили «театральний»га ўқишга киргандим. Совет даври эди, биздан олдин тожик курси ташкил қилинган, Москвада ўқиб турган пайтлар. Фарҳод Маҳмудовлар борган, кейин ўзбек курсига бизни – ўн кишини қабул қилишди. 3 нафар қиз, 7 йигит ўқишни бошладик.

Яхши ўқитувчиларнинг қўлига тушганимиз бахтимиз бўлди. СССР халқ артисти Баталов ўйнаган фильмларни биласиз: «Турналар учмоқда» дунё кадрлари ўнталигига кирган, «Москва кўз ёшларга ишонмайди» «Оскар» олган. Операторлар дунё ўнталигига киритган. Венеция,  Канн кинофестивалларида тақдирланган. Яхши қабул қилинган. Баталов ниҳоятда зиёли одам эди. Фахриддин Шамсиметов билан мени дачасига таклиф қиларди. Москвадан сал ташқарида, қор кўп ёққан. Қор курардик, кейин ош дамлардик, инглиз камини олдида суҳбатини олардик. Бизга меҳр қўйган эканми, чақирарди. Бахтли онлар экан. Ўтиб кетишди, афсоналар эди улар. Кино тарихида, дунёда ўзининг номини қолдирган инсонлар, деб ўйлайман.

Иккинчи режиссёримиз, иккинчи педагогимиз Илишевскийдан ҳам кўп нарсани – табиийликни олдик, биргалашиб ишлаш насиб этди. Чет элликлар ҳам курсимизга қабул қилинганди. Учта хорижлик бор эди, Афғонистон, Мексика, Ҳиндистондан. Ўзбек курсига руслар ҳам қабул қилинди. Сафимиз 20 нафардан ошди.

– Сизлар неча йил таҳсил олгансизлар?

– 1990 йили кирган бўлсак, 1994 йилда битирдик. Таклиф бўлган ўша институтда қолиб,  дарс беришга. Саҳна нутқидан қолишимизни сўрашган. Фахриддин Шамсиметов,  мен, афғон Зубайр дўстимиз... Ифодали шеърлар танлови бўларди. Учаламизни танлаб олишган. Танлов Санкт-Петербургда бўларди. Катта даргоҳларда қатнашиб, муносиб ўринларни олганмиз. Сергей Безруков билан танишганмиз, бирга роль ўйнадик. Кейинчалик Висоцкий ҳақидаги фильмда ишладик. Буям бир давр бўлган. Талабалик – чиройли дамлар эди. Ҳар хил инсонларни, мусофирчиликни, қийинчиликни кўрасан. Ўзингни ўзинг топасан. Тобланасан, чиниқасан. Актёрларни кўрасан.

– Кейин театрга келдингиз.

– Ҳа, кейин театрга келдим. Қолсаммикан, кетсаммикан деганимда, отам, театр – катта даргоҳ, келгин, дедилар. Яхши қилган эканман. Беш, ўн, йигирма йилдан кейин қайтиб келаётганлар ҳам бор-да. Аммо энди ҳеч ким эмас. Ёшлигидан келиб, танилиб, халқ билса, қилаётган ишидан бохабар бўлади, кузатади. Худога шукр, 1994 йилдан буён шу даргоҳдаман, у вақтлари «Ҳамза» театри дейиларди, ҳозир ўзбек академик миллий театри бўлди. Устозлар билан елкама-елка ишлаб келяпман, шукр қиламан.

– Шукур Бурҳонов, ҳатто фарзанди вафот этган куни саҳнага чиқиб, спектаклда роль ўйнаган экан. Шунчалик фидойилик талаб қиладиган соҳами бу? Касб нуқтаи назаридан қараганда, шунчалик даҳо актёрлар бўлганми?

– Албатта. Биласизми, битта қонун бор: спектаклда актёр ўйнолмаса, битта сабаби бўлади: фақат ўлим, дейишади. Спектакль қўйилдими, етиб келиши шарт. Шунга мажбур, ўлимдан бошқа ҳеч нима ушлаб туролмайди. Қизи ўлганида ҳам спектаклни ўйнаб, эртага меникида жаноза, деганлар бўлган. Энди у пайтларда телевидение, интернет унча ривожланмаган, лекин буюк ижодкорлар ижод қилишган. Касбини севган, фидойи бўлишган. Фидойилик қилганки, номлари қолди уларнинг. Касбига фидойи бўлгани боис томошабин ҳар бир ролини эслайди. Бугунги кунда ўша фидойилик йўқолиб бораётгандек. Бу соҳага юзаки қараш тўғри келмайди. Отам кўп гапирадилар. Шукур Бурҳонов, Аллоҳ раҳмат қилсин, буюк афсонавий ижодкор эди. Отам энди ишга келганларида у киши айтган экан: «Агар сен томошабинни йиғлата олсанг, томошабин йиғлайди. Кулдира олсанг, кулади. Шунчаки майнавозчилик қиламан, деб ўйлаган бўлсанг, қаттиқ адашасан».

Ҳақиқатан тўғри. Биз йиллар давомида шунга ишонч ҳосил қилдик. Қилаётган ишингизга ўзингиз ишонмасангиз фойдаси йўқ. Майли, кичкина эпизод, сюжетда чиқяпсизми, ишониб, берилиб ижро этмасангиз, бефойда. Билинади-да, таъсир кучиям унча бўлмайди. Баъзида мазза қиласиз, бундай спектаклларнинг финалида йиғлайсиз,  томошабинларнинг кўз ёшини артаётганида ҳиқиллаганини эшитиб, мазза қиласиз. Демак, ишонтирибман, деб ўйлайсиз.

Режиссёрлар билан талашасиз, саҳнада уришасиз. Баъзида саҳна чиқмайди, гоҳида чиқиб қолади. Қарсаклар, олқишлар, яхши эътирофлардан кейин унинг мазасини сезасиз.

– Сизнинг кино, театрдаги ўзингиз норози бўлган ролларингиз бўлганми? Бекор ўйнабман шу ролни деганмисиз?

– Ҳа, бўлган. Бир нечта бўлган. Театрда ҳам бўлган. Айтдим-ку, хоҳламай мажбур бўласиз роль ўйнашга. Театрда ишлаяпсиз, оилангизни боқаяпсиз, шу даргоҳдан ойлик оляпсиз. Мажбур бўласиз,  театр берган ролни ўйнашга.

– Театр санъатининг вакилисиз, сизга бир саволим бор. Мана, Тошкентнинг ўзида бир нечта театр фаолият юритади. Шу даргоҳлар ўртасида ижодий рақобат борми? Томошабинларни жалб этиш бўйича қандайдир рейтинглар тузиладими? Маълум кўрсаткичлар, дейлик, фалон театр биздан ўзиб кетяпти,  нимадир қилишимиз керак, деган гаплар бўладими сизларда ҳам?

– Катта ижодий рақобатлар бор дея олмайман, лекин театрларда катта-катта ишлар амалга ошяпти. Яхши спектакллар қўйиляпти, улар чет эл саҳналарида катта зафар қозоняпти. Муваффақиятларга эришиляпти, албатта. Театрларда фестиваллар ўтказилади. Биз уларда қатнашиб, ҳатто Қозонга борганимизда мусулмон давлатларнинг театрлари келган. Ҳар бир театрнинг ўз томошабини бўлади. Кимгадир мусиқали театр ёқади, кимдир ўша мусиқалари учун Муқимий театрига боради. Русийзабонлар «Горький», «Илҳом» театрига ташриф буюради. «Ёшлар театри»га ҳам боришади. Лекин академик миллий театрнинг ўз мухлиси бор. Айниқса шанба, якшанба кунлари вилоятдан кўп томошабин келади. Спектакль охирида кетмай ҳам туради. Биз билан бирга расмга тушади, дастхатлар олади. Эсда қоладиган спектакль бўлди, яхши чиқди, деб эътироф этишади. Масъуллар, қолаверса, вазирлигимиз томонидан театрга нисбатан яхши эътибор бериляпти. Президентимизнинг қарорларига биноан, театр вакиллари, ижодкорларига санъат соҳасида ишлаётган вакилларига рағбатлар бўляпти. Маошларни кўтаришди.

– Сиз режиссурага ҳам қизиқасизми?

– Қизиқаману, лекин режиссёрлик қилиб кўрмаганман. Асарлар таҳлилида фикримизни айтамиз. Ўхшаган, ўхшамаган асарлар барибир актёрлар билан кўрилади. Ҳамфикр бўлиб тўғирланади. Азалдан шундай. Ҳатто «Келинлар қўзғолони»ни Баҳодир Йўлдошев Саид Аҳмад билан биргаликда анча жойини олиб ташлаб, қайта ишлаб, баъзи жойларига қўшган. Кўп асарлар шунақа.

Айрим асарларни зўр бўлади дейсиз, акси бўлиб чиқади. Гоҳида эса ўхшамаган пьеса бирданига ўхшаб кетади. Театр ҳам, кино ҳам шундай соҳа экан. Олдиндан ҳеч нима дея олмайсиз. Муваффақиятини ҳам айтолмайсиз. Масалан, мен «Пулинг бўлса...» фильмини оддий, ўртача кетадиган кино бўлса керак, десам, тагида фикр бор ва кутилганидан ҳам яхши чиқди. Қўнғироқлар бўляпти. Чет элда ҳам қизиқиш бор. Катта ўғлим ҳозир Америкада, ўқиш билан кетган, «дада, кўпчилик кўряпти», – деди у, кейин ҳаволани жўнатди. Қирғизлар, қозоқлар, тожиклар, ҳаммаси кўрибди фильмни.

Ўзимизда катта залда қўйиб беришди, яхши фикрлар бўлди. Фильмда ўйнаган Ботир Муҳаммадхўжаев айтиб қолди: «Толибжон, Туркиядан бир опамиз телефон қилдилар. Бўларкан-у, мазза қилиб кўрдик, деди». Демак, нафақат ўзимиз, балки дунё ўзбеклари кўряпти десак муболаға бўлмайди. Фильмларни кимдир унақа-бунақа дейди-ю, «Телефильм», «Ўзбекфильм» билан «Ютуб»да олинаётган фильмни, ТВ фильмлари билан хусусий олинаётган фильмларни, ўқиган ва ўқимаган режиссёрларни ҳеч таққослаб бўлмайди. Кўпчилик умумий қилиб олади-да, ўзбек фильмлари ёқмаяпти, дейди. Ўзи кинони тушунмайди. Хусусий студия суратга олганми, «Ютуб» учун олганми, фаҳмига етмайди. Томошабин умумий баҳо беради, деймизу буям нотўғри.

Ўзбек киносининг ўз дастхати, принциплари бор. Фалсафий қарашлари, ғояси бор, акс ҳолда рухсат берилмайди фильм олишга. «Маҳаллада дув-дув гап», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони» – мана, ўзбек киноси. Ҳозир ҳам ёмон эмас. Ўзбек киноси замонавийлашган, чет элларда эшитяпмиз ўзбек киноси катта муваффақиятга эришяпти. Балки бу ерда унақа катта реклама қилинмас. Хусусий фильмлар реклама қилиняпти. Пул келсин, томошабинлар келсин, дейиляпти. «Ютуб» учун пул ишлайдиганлар бор. Ўзбек киносига бунақа баҳо бериб бўлмайди. Айтиш мумкинки, ҳамма таъбига яраша кино кўради. Ҳар бир фильмнинг йўналиши бор. Ҳар бирининг ўз томошабини бор. Кинони тушунган одам ким, қанақа ташкилот суратга олганлигини англайди. Шунинг учун ноўрин фикр билдириб бўлмайди. Баҳо беришда озгина билиб гапириш керак. Фикрнинг яхши, ёмон томонини англаган ҳолда гапириш керак. Масалан, сиз мультфильм, комедия, драма томоша қиласиз. Фақат давлат кинематография фильмини кўрасиз. «Ютуб» учун олинганини кўрасиз. Шунингдек, телевидение сериаллари бор, ҳамманинг таъбига қараб фильм ишланяпти. Томошабин ўзига мос келадиган фильмни ўзи топиб олиши керак. Ўзининг даражасини билиб, кейин кўнглидаги фильмни топса бўлади.

– Айрим режиссёрлар, киноусталарда шундай фикр борки, кино фестиваль ва халқ учун алоҳида олиниши керак, дейишадиФестивалга юбориладиган фильмларни қўйиб бўлмайди ёки тескариси: халқ кўрадиган фильмларни нозик дидли, нуфузли инсонларга кўрсатиб бўлмайди. Шунчалик эталони борми?

– Эталони йўқ, иккига бўлиниб қолгандек.

– Иккига бўлиниб қолган ҳам.

– Қайнона-келин муносабатларини, хусусий фильмларда «ура-ура» деб юрганларни, «Панорама»да режиссёрлар пул тиккани, бу – бир эталонга айланган бўлса, бу томони чет элга киноси чиқишини хоҳлаганлар ё фестивалда қатнашишни истаганлар бор... Буни даража дейишади, шу даражани, рейтингини туширмасликка ҳаракат қилганлар дунё кўрсин, деган маънода қўяди. Дунё миқёсида шундай режиссёрлар бор, маънавият, маданият бор экан-ку, деган маънода олишади. Муваффақият қозонаётганлар ҳам бор. Аюб Шаҳобиддиновнинг «Паризод» фильмига неча йил бўлди? Фалсафий фильм. Уни томошабин қарсаклар билан кутиб олмагандир, тушунмай қолдик ҳам дейди. Фалсафий фильм бўлгач, ҳамма ҳам қабул қилавермайди. «Гран-при» олди Москвада, биринчи ўринни эгаллади. Чунки айтадиган гапи бор-да фильмнинг. Шу томонини билганлар, фестивалбоп, оламиз дейди. Лекин барибир ўзимиздаям томошабинлар тушунади. Биз зеҳни кучли мамлакатлар сафига кирамиз. Энди-энди ривожланаётган бўлсак ҳам, дунё тан олган мамлакатга кирамиз.

– Хabar.uz сайти ўқувчиларига тилакларингиз.

–  Хabar.uz мухлислари соғ бўлишсин. Бизни кузатишда давом этишсин. Умрлари узоқ бўлсин. Хонадонларида тинчлик бўлсин. Нимаики яхши ниятлари бўлса, Яратган Эгам ижобат топтирсин. Аллоҳим, эзгу ниятларимизни рўёбга чиқарсин. Соғ бўлишсин.

Анвар НАМОЗОВ суҳбатлашди

скачать dle 12.0

Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив


Flag Counter