Тўйларда ўзбекистонлик хонандалар дуч келадиган аянчли ва кулгили ҳолатлар

Тўйларда ўзбекистонлик хонандалар дуч келадиган аянчли ва кулгили ҳолатлар

Санъаткорлар учун тўй хизматлари ҳар доим ҳам кўнгилдагидек ўтавермайди. Баъзан кулгили, баъзида эса кўнгилсиз воқеалар ҳам бўлиб туради. Ўзбек санъати вакилларининг айримлари ўзлари билан содир бўлган тўй саргузаштлари ҳақида сўзлаб берди.

Мирзабек Холмедов: «Тўппонча билан қўрқитишган»

Фото: Instagram

— Тўйлар билан боғлиқ кўплаб қизиқарли воқеалар бўлган. Ҳозир-ку санъаткорлар тўйга эмин-эркин бориб келишади. Авваллари эса тўйда хонанда ёки қизиқчига қитмирлик қилиш одатга айланганди. Муштумзўрлар тўй якунида истаган хурмача қилиғини қиларди. Маст-аластга ака, сизники тўғри, деб туришдан бошқа илож йўқ эди.
Энг ёмони, 1988—1989 йили тўппонча билан қўрқитиш урф бўлган. Бир куни тўйда хизмат қилаётган икки эркак келиб, четроққа ўтинг, гап бор, деган. Улар мени ўзлари билан бошқа тўй хизматига олиб боришни исташган экан. Йўқ, хизматдаман, дейишим билан костюмининг ички чўнтагидан тўппонча кўрсатган. Хуллас, шундай тўйларда пишиб, Мирзабек Холмедов бўлганман
, — дейди қизиқчи.

Ширин Музаффарова: «Ўлиб қолмасмиканман, деб йиғладим»

Фото: Instagram

— Тўйлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар кўп бўлади. Аммо энг кулгили ва қайғулиси Андижондаги тўйга кетаётганимизда содир бўлган. Тўғриси, у кундаги воқеаларни эслашни ҳам хоҳламайман. Чунки шу воқеадан кейин бўлди, санъатни тарк этаман, қийналиб кетдим, деб йиғлагандим. Хуллас, Қашқадарёда кечки никоҳ маросимини ўтказиб, Андижонда пешинда бўладиган тўйга кетаётгандик.
Узоқ йўл, устига-устак хизматдан кейин мижжа қоқмай йўлга тушганмиз. Орада бироз оёқларнинг чигилини ёзайлик деб, машинани йўл четида тўхтатишди. Ўшанда сочларим бехосдан арининг уясига тегиб кетди ва улар менга ҳужум қилишди. Сочимдаги ариларни қоққунимга қадар уларнинг бир нечтаси қўлларимни чақиб ташлади.
Нарироқда турган йўл-патруль хизмати ходими: «Бу афғон ариси. Қизни тезда касалхонага олиб бориш керак, бўлмаса аҳволи ёмонлашади», деб хавотиримни яна-да оширди. Ҳақиқатан ҳам бу хавфли ари ҳисобланаркан, тезда тинчлантирувчи ва аллергия қўзғамаслиги учун уколлар қилишди. «Ўлиб қолмасмиканман», деб қўлимга тасбеҳни олиб, роса йиғлагандим.
Хуллас, шунча саргузаштлардан кейин айтилган вақтда тўйга бордик. Қўлларим шишган, кўзларим қизарган… Энг ёмони, тинчлантирувчи дори ухлатиш хусусиятига эга экан. Кўзларимни аранг очиб тўйда қўшиқ куйлаганман. Бу мен учун энг оғир кун бўлганди
, — дейди хонанда Ширин Музаффарова.

Жаноб Расул: «Машинамиз ағдарилишига бир бахя қолган»

Фото: Instagram

— 2019 йили тўйдан қайтаётганимизда жуда ғалати воқеа содир бўлган. Ўшанда Аллоҳ бизни бир ўлимдан сақлаган. Хуллас, тўйдан яхши кайфиятда чиқиб, Бухоронинг «бетонка» йўлида кетаётгандик. Бу йўл текис бўлгани учун машинамиз 150-170 км тезликда ҳаракатланарди. Бирдан машинамиз қаттиқ силкинди. Қўрқиб, машинани тўхтатганмиз. Қарасак, орқа баллон қийшайиб қолган ва баллонни мустаҳкамловчи 5 та болтдан 3 таси чиқиб кетган бўлган.
Аслида у машинанинг баллонини бўшатиш осон эмасди. Уни биладиган одам хизматда эканлигимиздан фойдаланиб шундай қилган, деб гумон қилгандик. «Агар ўша иккита болт ҳам чиқиб кетганида, машина ағдариларди. Худо сизларни асрабди», дейишган машина усталари. Кейин тўйлар билан боғлиқ кулгили воқеалар ҳам кўп бўлган.
Масалан, бир тўйга бориб, тўй эгасининг исмини сўраганмиз. Бизни тўйга айтган одамнинг исмини айтишганидан сўнг, аппаратларни ёйиб, қўшиқни бошлаганимизда, бошқа ансамбл ҳам кириб келган. Битта тўйда иккита ансамбл нега керак, деб ҳайрон бўлганмиз. Кейин билсак, бу тўй эгаси бизни хизматга айтган ака билан адаш экан. Биз бир маҳалла наридаги тўйга кириб қолган эканмиз. Тезда аппаратларни йиғиб, чақирилмаган тўйдан чиқиб кетгандик
, — дейди хонанда Жаноб Расул.

Муниса Ризаева: «Иккита қўриқчимни пичоқлашган»

Фото: Instagram

— Тўйда қизиқарли воқеалар билан бирга хавфли вазиятлар ҳам бўлади. Чунки кимнинг нима мақсадда эканлигини билмайсиз. Кейинги пайтларда ёшлар орасида пичоқбозлик ҳолатлари кўпайиб кетган. Илгари йигитлар уришиш пайтда пичоқ чиқаришса, «Ўзинг уришолмайсанми?» деб мазах қилишарди. Ҳозир аксинча, олдида пичоқ олиб бориш обрўдек бўлиб қолган. Яхши ҳамки, бундай вазиятларнинг олдини оладиган, уларга қарши чора кўрадиган ички ишлар ходимлари бор.
Икки марта қўриқчимни пичоқлашган.
Биттасининг оёқларига тиқилган пичоқни кўриб, қўрқиб кетганман. Яхшиямки, уларни тезда касалхонага олиб борганмиз. Бу ишни қилганлар эса тегишли тартибда жавобгарликка тортилган. Бундай вазиятларга кўп учраганим учун кўнглим бўлмаган тўйхонада қўшиқ куйламайман. Чунки кўнглим бўлмай кирган тўйхонада муштлашув ёки ҳеч бўлмаганда чироқ ўчиши билан боғлиқ вазият бўлади
, — дейди хонанда Муниса Ризаева.

«Ғайрат Усмонов келмаса, ўзимни томдан ташлайман, деган»

Фото: Instagram

— Тўйлар, концертлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар жуда кўп бўлади. Сизга энг кулгили ва энг қайғулисини айтиб бераман. Хуллас, воҳада хизматда эдик. Бир кундан кейин стадионда концерт беришимиз керак эди. Ашаддий мухлислардан бири бир кун аввал тунаб қолган меҳмонхонамизга бориб, «Ғайрат Усмонов билан учрашмоқчиман», дебди. Меҳмонхона ходими кетганимни айтган. Аммо синглимиз гапига ишонмай, ходим билан жанжаллашган. Энг ёмони, меҳмонхона яқинидаги тўрт қаватли бинонинг томига чиқиб, «Ғайрат Усмонов келмаса, ўзимни шу ердан ташлайман», деб таҳдид қилган.
Бақир-чақирдан кейин туман раҳбарлари ҳам ўша ерга боришган. Жаҳл отига минган мухлиса синглимизни тинчлантириш осон кечмаган. Эртаси кунги концертда олд қаторига ўтказиб, вазиятни юмшатганмиз. Кейинчалик билсам, у бир кун аввалги тўйда мен билан суратга тушолмаганининг аламидан шундай қилган экан.
Яна бир қизиқ воқеа водийда бўлган. Тўйига айтган куёвбола бизни туман марказида кутиб олиши керак эди. Бир пайт у «ЗАГС»га кетадиган машиналарда ёнимизга келган. «Ака, расмга тушайлик», деди. Хўп, деб сочларимни тўғрилаб турсам, «Фақат сизнинг телефонингизда суратга тушамиз, меники расмга олмайди», деди. Расмга тушгач, кортежга қўшилиб, «ЗАГС»га ҳам борганмиз. Сабабини сўрасам, ортиқча машина бўлмагани учун марказда бизни кутиб олиш муаммо бўлган экан. Шунда йигит марказ орқали «ЗАГС»га кетишга қарор қилган экан
, — дейди хонанда Ғайрат Усмонов.

Лола Аҳмедова: «Сими узилган микрофонда куйлаганман»

Фото: Instagram

— Бир куни чекка қишлоқлардаги тўйга борганмиз. Одам кўп, майдоннинг кенглигидан ҳовлининг у бошидаги одамларни ҳам кўриб бўлмасди. Аксига олиб, навбатчи гуруҳнинг овоз узатиш ускуналари ҳам яхши эмас экан. Микрофоннинг сими камида 2 метр «скотч» ўраб, мустаҳкамланганди. Симли микрофонни қўлимга олиб, мириқиб қўшиқ айтдим, одамлар чанг-тўзонда рақсга тушишаётганди.
Кейин ерда ётган симни кўриб, кўзларим чақнаб кетди. Билсам, шунча вақтдан бери сими узилган микрофонда фонограммани куйлаётган эканман. Уялганимдан тезда симни ҳам қўлимга олиб, қўшиқни тугатиб, даврадан чиқиб кетганман. Яхши ҳамки, у пайтларда ҳали ижтимоий тармоқлар ривожланмаганди
, — дейди кулиб Лола Аҳмедова.

Каниза: «Чўнтаксиз шимимга пул солмоқчи бўлди»

Фото: Instagram

— Тўйлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар кўп. Афсуски, хонанданинг қадр-қимматини ерга урмоқчи бўлганлар ҳам топилади. Масалан, олти ой аввал Бўстонлиқ туманига хизматга чақиришди. Бордик, ҳаммаси чиройли кетаётганди. Аммо бир эркак келиб, чўнтакциз шимимга пул солмоқчи бўлди. Бу хунук кўринадиган ва менга нисбатан ҳам ғалати ҳолат бўлди. Кейин у саҳна яқинидаги столга ўтирди. Орадаги масофа бир ярим метр эди. Кайфиятимни туширмасликка ҳаракат қилдим. Аммо у жуда қўпол ва уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилишни бошлади. Охири чидай олмай, гапига яраша жавоб қайтардим. Аммо вазиятни билмаган баъзи инсонлар мени қоралашди. Эркакнинг менга айтган сўзларини «ўзингга» деб жавоб қайтардим. У шунга муносиб иш қилди, — дейди хонанда Каниза.

Ҳосила Раҳимовага тегажоғлик қилишган

Фото: Instagram

Хонанда Ҳосила Раҳимова ҳам тўйлар билан боғлиқ муаммоли вазиятларга кўп учраган. Масалан, 2015 йилнинг 29 август куни Тошкент шаҳридаги лўлилар хонадонига хонанда тўйга таклиф этилган. Ҳосила Раҳимова «бирров»га чақирилган, аммо унга бўлган ёмон муносабатдан сўнг қўшиқни ярмида тўхтатиб, тўйдан чиқиб кетган. Бунга Ҳосила Раҳимовага маст эркакларнинг тегажоғлик қилавергани сабаб бўлган. Хонанда маст-аласт эркакларнинг қўлларидан аранг қутулиб, уларни куч билан туртиб, даврани тезда тарк этган. Турган гапки, бу тўйхонадаги инсонларга ёқмаган. Улардан бири микрофонни олиб сўкинган, бошқаси эса хонандага қарата нарса улоқтирган.