Мурод Ражабов нима учун кинода суратга тушмай қўйди? Унинг фильмлари «запрет»дами?

Мурод Ражабов нима учун кинода суратга тушмай қўйди? Унинг фильмлари «запрет»дами?

Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов бу йил 74 ёшни қаршилайди. Ўзбек киносининг «Темир эркаги» дея эътироф этиладиган актёр 1973 йили «Оловли соҳил» фильмидаги кичик роли билан санъат оламига қадам қўйган. У фаолияти давомида «Ажойиб хаёлпараст», «Темир хотин», «Буюк Амир Темур», «Кичкина табиб» каби турли жанрлардаги фильмларга суратга тушган.

Бир неча йилдан буён қандли диабет билан оғриётган Мурод Ражабов 2015 йилдан буён фильмларда суратга тушаётгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда Мурод Ражабовнинг хасталаниб қолгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, «Дарё» мухбирлари ижодкор хонадонига ташриф буюрди.

— Саломатлигим гоҳида ундоқ, гоҳида бундоқ. Бундан кейин шундай бўлаверар экан. Кайфиятим ҳам доим яхши эмас. Айни кунларда кайфиятим деярли яхши эмас, деса бўлади, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов.

Актёрнинг саломатлиги сўнгги йилларда ёмонлашди. Аммо у кинодаги фаолиятини 2015 йил тўхтатганди. Бунинг боисини у қуйидагича изоҳлади.

— Ҳа деб киноларда суратга тушаверадими?! Ўйлаб қарасам, 25 ёшимда машҳурликка эришган актёрман. Ўтган йиллар мобайнида 100 дан ортиқ фильмда суратга тушдим. Уларнинг ярми давлат фильмлари бўлса, қолгани хусусий киностудиялар томонидан суратга олинган. Энди бошқалар ҳам ҳам чиқсин. Агар телевизорда кўп кўринсангиз, дарров гап қилишади. Бир пайтлар «Мурод Ражабов экранга чиқаверадими?» дейишарди. Кўринмай қолсангиз ҳам дарров одамларга гап топилади, — дейди актёр.

Устоз санъаткор бугунги ёшлар ижодини кузатиб боришини, аммо уларга ҳавас қилмаслиги ҳақида гапириб ўтди.

— Ҳозир қиладиган ишим йўқ. Турган гапки, телевизорда берилаётган нарсаларни кўриб, ёш ижодкорларнинг ишларини кузатиб бораман. Аммо ҳавас қиладиган ёки бирор ролни кутиб яшайдиган ёшда эмасман, — дейди Мурод Ражабов.

Мурод Ражабов «Муқимий» театрига директор қилиб тайинлангани, «Асл хазина» номли спектаклни саҳналаштиргани ва «ёзди-чизди»лардан сўнг санъатдан кўнгли қолгани ҳақида айтиб ўтди.

— Жуда кўп нарсадан дилим оғриган. Қўпол қилиб айтганда бугун санъат ҳеч кимга керак эмас. Раҳбарларга-ку умуман керак эмас. Бизда санъатни қадрлайдиган одамлар жуда кам экан. Шундай замонларга қолиб кетибмиз. Бир пайтлар бундай эмас эди. Санъат ижодкорларнинг асосий машғулоти эди. Бор эътиборини унга қаратарди. Ҳозир ундай эмас. Муаммонинг сабаби жуда кўп. Бунга санъаткорлар ҳам, халқ ҳам, ҳатто журналистлар ҳам сабабчи. «Асл хазина» спектакли ёмон бўлмаган, ўз томошабинини топганди, аммо у ҳам кимгадир ёқмади, — дейди актёр.

Мурод Ражабов нафақат актёр, балки кинопродюсер ва режиссёр сифатида бир нечта фильмларни суратга олган. Афсуски, кейинги пайтларда у суратга олган фильмлар экранларда берилмайди. Бунинг сабабини ижодкор қуйидагича изоҳлади.

— Бунинг сабабини кимдан сўрайман? Биладиган одамлардан сўрасам, елка қисишади. Индамайди ёки билса-да, сизга айтмайди. Нафақат «Анора», мен суратга тушган бошқа фильмлар ҳам экранларда берилмайди. Бунинг сабаби менга ҳам қоронғи. «Запрет» жуда нотўғри нарса. Санъаткорни ижоддан ажратиб бўлмайди — ижодкорга эркинлик керак, — дейди Мурод Ражабов.