Хунук актриса — Тантиқ Марфушанинг гўзал ҳаёти

Хунук актриса — Тантиқ Марфушанинг гўзал ҳаёти

2023 йилнинг январи икки машҳур санъаткор – Вахтанг Кикабидзе ва Инна Чурикованинг вафоти билан қайғули бўлди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам театр ва кинода ўчмас из қолдирдилар. Рус актрисаси Инна Чурикова 79 ёшда эди. Инна Михайловна ҳаётда ҳам актриса, ҳам аёл сифатида ўзини тўлиқ намоён эта оларди. Чурикованинг ёнида бутун умри давомида истеъдодли режиссёр ва ишончли эркак бор эдики, Инна Михайловна гуллаб-яшнади. Улар биргаликда мазмунли ва унутилмас умр кечирдилар.

Сен ойнага қараганмисан?

Инна Чурикова театр институтига ўқишга киришга келганида қабул комиссиясида унга таажжуб билан тикилиб, шундай савол беришган: «сен охирги марта ойнага қачон қараганингни биласанми?..» Уни жуда хунук ҳисоблаган эдилар. Болаликдан актриса бўлишни орзу қилган Инна йиғлаб юборган.

У 15 ёшидаёқ Станиславский номидаги театрнинг ёшлар студияси спектаклида саҳнага чиққан эди. Орзусига шу қадар яқин тургандики, аммо бир лаҳзада қулади. Аммо мактабнинг кечаги битирувчиси кейин кўз ёшларини артиб ташлади ва кўриниши ўзига хослигини ўзига-ўзи таъкидлади. Уни баҳолашга ҳар кимнинг ҳаққи йўқ.

Хуллас, Инна Шепкинский билиб юртига ўқишга кирди. Қабул комиссиясида қиз машҳур актриса бўлишни хоҳлаши ҳақида айтиб, кутилмаганда яна йиғлаб юборди. Бу ердагилар унга ишонмаслигидан қўрқиб кетганди бечора қиз. Иннани Шепкинский билим юртига қабул қилишди, балки шунчаки аяшгандир.

Бироқ Чурикова ҳеч қачон ўзига аямади. У тўхтовсиз ишлади. Кўп ўқиди, ҳар бир лавҳага жило берди, ўзига топширилган ҳар бир ролни икир-чикиригача ўрганди, феъл-атворлар ва образларни пишиқ-пухта ўзлаштирди. Актриса бўлиш учун хато қилмаганини, энг аввало, ўзига исботлаш учун ҳам шундай қилди.

У билим юртини имтиёзли диплом билан тамомлади, аммо эвазига бирорта ҳам театрдан таклиф олмади. Пойтахтга кетди. Болалар эртакларидаги ҳайвонлар ролини, жодугарни ўйнаб ва, шубҳасиз, ўзининг юлдузли онлари келишига ишонишда давом этиб юрди.

Телекўрсатувлардан бирида Инна Чуриковани режиссёр Глеб Панфилов кўриб қолди. Кейинроқ у ҳаётида биринчи марта ёш актриса ўйнаган жодугарга раҳми келганини эслади, авваллари баттол ва ёвуз кампирга ачинишни хаёлига ҳам келтирмаган бўларди. Актриса бир нечта фильмда ўйнаб ва «Аёз бобо»даги тантиқ Марфуша роли билан танилгач, Панфилов уни ўзининг «Оловда кечув бўлмайди» фильмига таклиф қилди. Айнан шу картина билан уларнинг биргаликдаги шахсий ҳаёти салкам 55 йил давом этди.

Нонга пуллари етмаган...

Орадан йиллар ўтиб, Глеб Панфилов ўзининг интервьюларидан бирида тан олиб айтишича, Инна Чурикова билан шахсий танишуви чоғида уларнинг нигоҳи тўқнашган ва негадир шу заҳоти бу тақдир эканлигини англаган. Қолаверса, Инна Панфиловнинг хонасидаги деворда узоқ вақтдан буён осиб қўйилган расмдаги қизга ўхшарди. Қизиғи, режиссёр билан танишишга келган Чурикова биринчи нигоҳдаёқ бу одамни бир умрга севиб қолишини дарҳол тушунди.

Кейинроқ бадиий кенгашда Инна Чуриковани айнан ташқи кўриниши учун бош ролга тасдиқлашни истамаганларида Глеб Панфилов унинг номзодида қатъий тура олди. Суратга олиш чоғида у актрисага ўзини тўлиқ очиши, кенг диапазони билан намоён этишига қўйиб берди. Ижодий ҳамкорлик, маълумки, анча яқинлаштиради. Режиссёр ва актриса ҳам яқинлашдилар.

Глеб Панфилов билан ишлаган Инна Чурикова ўрталарида қанчалик кўп умумийлик борлигидан ҳайратга тушди. Бирга ишлаш улар учун мароқли эди. Нафақат ролни, балки ўқиган китоблари, театрда кўрган спектакллари, яқинда суратга олинган фильмларини муҳокама қилишарди.

Лойиҳа устидаги иш якунида актриса ва режиссёр бир-бирининг ҳис-туйғуларига ишончи комил эди ва кўп ўтмай, муносабатлари мантиқий давом этди: Глеб Панфилов ва Инна Чурикова турмуш қуришди. Кейин уларнинг ўғли Иван туғилди. Ёш ота-онага осон бўлгани йўқ, улар коммунал уйдаги кичкина хонада яшар, кўпинча нонга пуллари етмас, бироқ бахтиёр эдилар.

Ажойиб жуфтлик ярим асрдан зиёд бирга яшади. Глеб Панфилов рафиқасини ўзининг барча фильмларида суратга олди ва унинг истеъдоди чақнашига имкон берди. Инна Чурикова ҳақиқатда иқтидорли, бетакрор қобилият соҳибаси бўлиб чиқди. У ижро эта олмайдиган бирорта ҳам роль бўлиши мумкин эмас эди. «Ибтидо» фильми экранга чиққач, Марк Захаров актрисани «Ленком» труппасига таклиф қилди. Пировардида у Инна Чуриковани «саҳна қироличаси» деб атади. Актриса эса янада кучли ва ўзига ишончи ошишида эри Глеб Панфилов ёрдам берганини ҳамиша ёдида тутарди.

Сўнгги сўзлар

Икки ёрқин ижодий шахснинг биргаликдаги ҳаёти улкан бирлашув эди. Бир куни актрисага савол беришди: «Сиз эрингизни ташлаб кетишингиз ҳам мумкин эдими?» Инна Чурикова бир сония ҳам ўйлаб ўтирмай, «ҳа» деб жавоб берди. Бундай иқрорлик ниҳоятда ҳайрон қолдирди, аммо Инна Михайловна бир озгина драматик сукут сақлаб, ўз жавобини изоҳлади.

Актриса, фақат Глеб Панфиловдан устун эркакни учратганида кетиши мумкинлиги ҳақида сўзлади. Аммо узоқ йиллик ҳаёти давомида умр йўлдошининг истеъдоди, интизоми, ишончи ва муҳаббати билан таққослаш мумкин бўлган инсонни учратмади. Ва унинг ишончи комил: тақдир яна қанча умр бермасин, эри каби одамга дуч келмайди.

Ўз навбатида Глеб Панфилов ҳам рафиқасининг сўзларини такрорлаши мумкин. У муносиброқ аёл ва актрисаларни учратгани йўқ. Чурикова Панфилов учун хотин ҳам, дўст ҳам, касбдош ҳам, бутун олам эди. Афсус, 2023 йилнинг 14 январида Инна Чурикова ҳаётдан кўз юмди. У ўзининг роллари, улкан муҳаббати ҳақидаги хотираларини яқин инсонларига қолдириб кетди.

«Мен саҳнага чиқишим керак», бу – Чурикованинг шифохонадаги сўнгги сўзлари эди. У сўнгги саҳна сари йўл олди. Алвидо, саҳна қироличаси!

Акбар Фатҳуллаев


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив