Ўлимидан сўнг «пул ишлаб топган» юлдузлар

Ўлимидан сўнг «пул ишлаб топган» юлдузлар

«Forbes» журнали энг кўп даромад қилган марҳум юлдузларнинг номини маълум қилди.

Рўйхатда қўшиқчи Майкл Жексон биринчи ўринни эгаллади. У ўлимидан сўнг 48 миллион доллар «ишлаб топди». Бунга унинг «Mijac Music» компанияси фаолияти ҳамда «Sony» компанияси билан тузган узоқ муддатли шартномаси сабаб бўлган.

Иккинчи поғонадан болалар ёзувчиси ва мультипликатор Доктор Сьюз жой олди. Бу йил АҚШда унинг олти миллионга яқин китоби сотилди. Бундан ташқари, муаллифнинг телевидения ва кино билан кўплаб шартномалари мавжуд. Унинг даромади 33 миллион долларга баҳоланган.

Ўлимидан сўнг 32,5 миллион доллар «фойда кўрган» рассом Чарльз Шульц кучли учликдан жой олди. Болакай Чарли Браун ва унинг ити Снупи ҳақидаги комиксларнинг муаллифи ўлароқ Шульц Apple TV+да намойиш этилган «Снупи коинотда» ва «Чарли Браун рождествоси» шоулари туфайли даромадини кўпайтириб олди.

Энг бадавлат машҳурлар ўнталигига, шунингдек, гольфчи Арнольд Палмер, мусиқачи Элвис Пресли, баскетболчи Коби Брайант, рэпер Juice WRLD, мусиқачилар Боб Марли, Жон Леннон ва Принс киритилган.