DataLife Engine > Маданият / Жиззах янгиликлари > Жиззахда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган ёш эстрада ижрочилари кўрик-танлови ўтказилмоқда

Жиззахда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган ёш эстрада ижрочилари кўрик-танлови ўтказилмоқда

Ботир Зокировнинг қўшиқлари замонавий эстрада қўшиқ санъатининг асл намунаси сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олган.

Унинг Ўзбекистон радио ва телевиденияси «олтин фонди»га кирган қўшиқлари турли миллат вакиллари томонидан ҳозирги кунга қадар мароқ билан тингланади, издошлари томонидан севиб куйланади.

Жиззах шаҳридаги махсус ихтисослашган санъат мактабида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги олдидан бадиий мусиқали тадбир ўтказилди.

Вилоят маданият бошқамаси раҳбарияти, санъат мактаби жамоаси, турли ижодий танловлар совриндорлари бўлган ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир Президентимизнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.

– Вилоятимиз санъат ва маданият муассасаларида халқимизнинг марҳум севимли санъаткоримизнинг 85 йиллигини муносиб нишонлаш учун қизғин ҳозирлик кўрилаётир, – дейди вилоят маданият ишлари бошқармаси бошлиғи Камол Фархадов. 

– Юбилейга тайёргарлик ва уни ўтказиш доирасида маданий-маърифий, бадиий-мусиқий тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда. Шу жумладан, ёш эстрада ижрочилари кўрик-танлови ўтказилаяпти. Бугунги бадиий-мусиқий кеча ушбу кўрик-танловнинг бошланиши бўлди.

Кечада Ботир Зокиров катта маҳорат билан ижро этган «Мафтун бўлдим», «Ёр, кел», «Раъно», «Газли кўҳликлари», «Сени эслайман», «Мажнун монологи» каби бутун дунёга машҳур қўшиқлари янгради. Санъат мактаби ўқувчилари томонидан ижро этилган буюк санъаткор умрибоқий қўшиқлари билан мангуликка дахлдор эканлигидан далолат бўлди.

Ёш эстрада ижрочиларининг ушбу чиқишлари айни пайтда Ботир Зокиров номли эстрада ижрочилари кўрик-танловининг саралаш босқичи вазифасини ўтади. Концерт давомида маданият бошқармаси ҳузуридаги соҳа мутахассисларидан тузилган ҳайъат аъзолари танловнинг кейинги босқичида иштирок этиши учун энг яхши эстрада қўшиқлари ёш ижрочиларини аниқлаб олди.

Барча туманларда ўтказиладиган кўрик-танлов жорий йил апрел ойида – улуғ санъаткор таваллудининг 85 йиллиги нишонланадиган кунда якунланади.

 

Тошқул Бекназаров,ЎзА

скачать dle 12.0



Вернуться назад