Ёзмай дейману, тил билан қўл қичийверади-да...

Ёзмай дейману, тил билан қўл қичийверади-да...

 28,5 млрд + 6 млрд ҳеч тинчлик бермаяпти. Агар мен ҳоким бўлганимда:

  1. 34,5 млрд сўмга битта замонавий шифохона қурардим ва уни Зулфия она номи билан атардим. Жуда ҳайкалга бошқоронғи бўлсам, шифохона эшиги ёнига нари борса онахоннинг битта бюстини ўрнатардим. Шифо топиб чиқиб кетаётганлардан дуо билан эслаб қўйишларини сўрардим;
  2. 34,5 млрд сўмга Тошкент вилоятилик 5 мингта талабанинг 1 йиллик контрактини тўлаб берардим. Ёки Тошкентга яқин ҳудуддан улкан ётоқхона қурдирардим ва талабаларни бепул турар-жой билан таъминлардим;
  3. 28,5+6 млрдга 5 та мактабни янгитдан қурардим ёки 10 тасини капитал таъмирлардим. Асосий эътиборни қишлоқ мактабларига қаратардим;
  4. 34,5 млрд сўмга яраша бирорта корхона очардим, юзлаб оилаларни иш билан таъминлардим;
  5. Шу пулга битта кичикроқ бўлса-да қуёш электр станцияси қурардим, ҳеч бўлмаса бир нечта қишлоқни узлуксиз чироқ билан таъминлардим;
  6. Мингта тўй ўтказардим, шу оилаларда қиз фарзанд кўрганлардан исмларини Зулфия қўйишларини сўрардим. Орадан 20 йил ўтиб келин излаган одамлар нега Зулфиялар кўплигига қизиқишарди, сабабини билиб, ҳар қандай ҳайкални кўргандан кўпроқ таъсирланишарди;
  7. Юрак порогига чалинган минг нафар болани операция қилдирардим. Ота-оналардан фақат шу болалар улғайганида савобли ишларидан бирини Зулфия оналарига бағишлашларини сўрардим...

Масжит очардим демадим, рухсат берилса бунинг учун ҳомийлар етарли. Йўлни тузатардим демадим, Тошкент вилоятининг йўлларига чидаса бўлади. Ва ниҳоят минглаб оилаларга рўзғорлик етказардим дейишни ҳам эп кўрмадим, савобталаблар оч қўйишмаяпти ҳарқалай.

Ана шунақа! Лекин мен ҳоким эмасман, 34,5 млрд сўм пулим ҳам йўқ. Балки ҳоким бўлсам, мен ҳам юқоридаги айтганларимни қилмасдим, айниб қолардим. Балки рўйхатдагидек лойиҳаларни режалаштирганим учун ҳоким эмасман... Билмадим.