«Энг оғир жазони олиши лозим». Ижтимоий тармоқ фаоллари рашк сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр ҳақида

«Энг оғир жазони олиши лозим». Ижтимоий тармоқ фаоллари рашк сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр ҳақида

Қуйи Чирчиқдаги 31 ёшли эркак рашк туфайли ўз хотинини отасининг уйида пичоқлаб ўлдирди. «Газета.uz» тармоқлар фойдаланувчилари ушбу хабарга билдирган фикрларни бир материалга жамлади. Кимдир бу қилмиши учун унга энг оғир жазони бериш керак деса, кимдир бунга томошабин бўлганлар ҳам айбдор демоқда.

Аввалроқ, 24 август куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «Пахтакор» маҳалласи яшовчи 31 ёшли эркак рашк сабаб хотинини хусусий уй боғчасидаги тарбияланувчиларнинг кўз ўнгида бўғиб, калтаклагани ҳақида ёзгандик.

Бош прокуратура 25 август куни эркак қайнотасининг уйига эшикдан ошиб тушиб, оилавий муаммолар туфайли отаси уйида яшаб келган турмуш ўртоғининг ётоқхонасига кириб, бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Олган тан жароҳати оқибатида, аёл вафот этган. Гумонланувчи эса ҳибсга олинган.

Мазкур воқеа ижтимоий тармоқлар, жумладан Twitter ҳамда Telegram тармоғи фойдаланувчиларнинг турли баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Блогер Нурбек Алимовнинг Twitter`да ёзишича, эркакнинг аёлни бўғишини UFC жангларида «rear-naked choke» деб аталади ва бунинг оқибатида ўлиб қолиш ҳеч гап эмас.

Нозим Сафари эса «хотини урмайдиган эркаклар йўқолиб бораётган ноёб турга айланаётганини» қайд этган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса «статистикага қараб жиноятчиликка қарши курашиш аҳмақона тизим эканлигини тушуниб етмагунимизгача, яна қанча Мадиналар миясиз ёввойилар қўлида бўғизланар экан?», деган саволни ўртага ташлаган.

Ушбу воқеа ҳақида хабар топган Davletovuz эса изоҳлашга сўз топа олмай, шунчаки «дахшат» деб қўйган.

Яна бир фойдаланувчининг фикрича, гумонланувчига нисбатан бошқаларга ўрнак бўладиган қилиб қаттиқроқ жазо бериш лозим.

Қаҳрамон Асланов ҳеч бир гуноҳ ё хато аёлнинг эри томонидан ўлдирилишига сабаб бўла олмаслигини айтиб ўтган.

Бошқа бир блогер Дилшод Ҳошимов ҳам ушбу ҳолатда ҳеч бир нарса қотилликни оқлашга сабаб бўлмайди деган фиркга қўшилган.

Ҳуқуқшунос Камола Алиеванинг ёзишича, аёлини ўлдирган эркакни оқлаганлар «латент» яъни, ич-ичидан шу шахс каби жиноятчи ҳисобланади.

Яна бир Twitter фойдаланувчиси эса «аёллар уриб ўлдириладиган, буни эркак ғурури сабаб оқлайдиганлар» жамиятида ўз қизларининг эртасидан хавотирда эканини билдирган.

Бошқа бир фойдаланувчи эса изоҳга ҳожат қолмайдиган пост ёзган:

Telegram`да ҳам ушбу ҳолат қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, Нурбек Алимов «ота-она учун қўйдек бўғизланган қизини қонига бўялиб ётганини кўришдан ортиқ азоб бўлмаса керак», деб ёзмоқда.

«Бу даҳшатни тасаввур қилишнинг ўзи азоб. Шуниси аниқки, бу оилага энди ҳеч қачон қувонч ва шодлик қайтмайди. Шариатда ҳам бировни зинода айблаш учун 4 та гувоҳ бўлсин, дейилади. Бу ифлос, манқурт эса шунчаки ўзининг субъектив шубҳа-гумонлари учун аёлини қийнаб, итдек азоблаб ўлдирди. Лаънатлар бўлсин бундай номардларга! Ҳеч кимда бировни айбдор қилиш, мустақил ҳукм ўқиш ваколати йўқ! Динда ҳам, қонунда ҳам бундай усул тақиқланади», — деб ёзади у.

Блогер Зафар Солижонов эса «ҳолат шу даражага келгунча ҳамма томоша қилиб турганми шунда?», дея савол қўймоқда.

Davletovuz эса «ҳеч нарса инсон ҳаётидан, унинг шаъни ва қадридан азиз эмаслигини» айтмоқда.

«Бир инсонга зўравонлик қилиб, унинг ҳаётига зомин бўлган золим эр қонунчиликда белгиланган энг оғир жазони олиши лозим. Бир инсон ўлимига қарийб гувоҳ бўлиб, бефарқ ва суст жамият кўзини каттароқ очиши, муаммога тизимли ечим излаши зарур, самарасиз давлат институтлари, айниқса, ички ишлар органларининг оилавий зўравонликка қарши курашиш борасидаги фаолияти танқидий баҳоланиши, қайта кўриб чиқилиши керак, улар қаерга қараган? Йўқса, бундай ваҳшийлик такрорланаверади. Ваҳоланки, мабодо бутун бошли тизимда кимдир сал вақтли ҳаракат қилганида, балки бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлар эди. Қўрқинчли», — дея қўшимча қилинади постда.