Ҳавонинг ифлосланиши оқибатларидан ҳар йили 7 миллион нафарга яқин одам ҳаётдан кўз юмади

Ҳавонинг ифлосланиши оқибатларидан ҳар йили 7 миллион нафарга яқин одам ҳаётдан кўз юмади

Атмосфера ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқариш бўйича Тошкент вилояти ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринда Қашқадарё бўлса, учинчи ўринда Бухоро вилояти.

ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши оқибатларидан ҳар йили 7 миллион нафарга яқин одам ҳаётдан кўз юммоқда.

kun.uz сайти «Экологиянинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум бўлди» сарлавҳаси остида эълон қилган мақоласида қўрғошин ва бошқа кимёвий моддалар ҳар йили 1,8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлишини, бу кўрсаткич 2015 йилдан буён 7 фоизга, 2000 йилдан буён эса 66 фоизга ўсганини келтириб ўтган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2022 йил 21 июнь куни Telegram’даги расмий саҳифасида берган маълумотга кўра, прокуратура томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликка риоя қилиш аҳволи ўрганилган.

Ўрганишда мамлакатимиздаги корхоналар томонидан 2021 йилда 931,1 минг тонна ифлослантирувчи моддаларни атмосферага чиқариб юборилганлиги, 226 та корхоналарнинг 610 та манбаларидан атроф табиий муҳитга инсон соғлиғига жиддий хавф соладиган бир қанча турдаги зарарли моддалар белгиланган меъёрлардан ортиқ чиқарилгани, уларнинг 73 тасида эса мунтазам равишда белгиланган нормадан ортиқ зарарли моддалар чиқариб келинганлиги аниқланган.

Аниқланган камчиликлар юзасидан атмосферага зарарли моддалар чиқаришни камайтириш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъуллар интизомий жавобгарликка тортилган. Аммо ҳар доим ҳам интизомий чоралар ечим бўлмайди. Биз барчамиз бир ҳаводан нафас оламиз ва унинг ҳимояси йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Статистик маълумотлар stat.uz сайти маълумотларидан олинган.

Авазхон Хайдаров