DataLife Engine / Мутахассислар Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда

Мутахассислар Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМИТИ) мутахассислари Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда.  

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ишнинг давомийлиги меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил ҳисобланмайди. Пандемия шароитида кўплаб компаниялар ўз ходимларини масофадан ишлашга ўтказганлиги ушбу турдаги бандликнинг самарадорлигини кўрсатди ва бутун дунё бўйлаб иш билан таъминлашнинг турли шаклларидан фойдаланиш учун асос бўлди.

Мутахассислар тўрт кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилишган. Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари, масалан, IT, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек илмий-тадқиқот тармоқлари бўлиши мумкин. Шу билан бирга, IT соҳаси вакилларининг аксарияти аллақачон мослашувчан иш тартиби бўйича ишлаётгани ва банкларнинг тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, янада мослашувчан иш тартиби ва иш ҳафтасини қисқартиришга ўтиш бир қатор афзалликлар беради, бу эса ўз навбатида ишнинг умумий самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:

"Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганиб, шунингдек, ҳисоб–китоблар натижаларига асосланиб, мутахассислар Ўзбекистон шароитида муайян фаолият турлари учун тўрт кунлик иш ҳафтасидан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблашади", - дейилмоқда ПМИТИ берган баёнотда.

17-07-2022, 10:33
Вернуться назад