Sangzor.uz / Германия: Уруш ҳали ҳафталар ва ойлар давом этади

Германия: Уруш ҳали ҳафталар ва ойлар давом этади

Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт Лиманнинг озод этилиши Украина учун «катта муваффақият» эканини маълум қилди.

Россия армияси «бу туфайли сезиларли даражада заифлашди», деди Германия мудофаа вазири ARD телеканалига берган интервьюсида.

Бироқ Лиманнинг озод этилиши «ҳали бурилиш нуқтаси эмас», деди Кристин Ламбрехт ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

«Биз, афсуски, бу уруш ҳафталар ва ойлар давомида давом этишига тайёргарлик кўришимиз керак», деди у.

Ўз навбатида, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Германиядаги элчиси Сергей Нечаевни идорага чақиртирди.

Dpa агентлиги маълумотларига кўра, Германия ҳукумати шу тариқа Украинадаги Россия урушининг янада авж олиши ва Украинанинг тўрт ҳудуди аннексия қилинишига муносабат билдирмоқда.

Аввалроқ Италия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг мамлакатдаги элчиси Сергей Разовни чақиртирган эди. Бельгия, Буюк Британия, Швеция ва Нидерландия расмийлари ҳам Россия элчиларининг Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганини эълон қилди.

3-10-2022, 15:24
Ортга қайтиш