Sangzor.uz / Ўзбекистондаги энергия инқирози: Хато қаерда?

Ўзбекистондаги энергия инқирози: Хато қаерда?

Ўзбекистоннинг кўп йиллардан бери ечимини кутаётган муаммоси – энергия танқислиги, Россия таклиф қилаётган “уч томонлама газ иттифоқи” ва АЭС лойиҳаси. Kun.uz мухбири иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан шу мавзуларда суҳбатлашди.


— Абдулла ака, шу кунларда мамлакатда энергия ресурслари етишмовчилиги ва Россия таклиф қилган иттифоқ масаласи энг кўп муҳокама қилинмоқда. Келинг, суҳбатимизни шу мавзуларнинг иккинчисидан бошласак.

Путин таклиф қилган уч томонлама иттифоқ.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Россия билан газ шартномасига кирмаслиги, импорт бўйича келишув бўлса, у фақат савдо келишуви орқали бўлишини айтди. Аммо Путин иттифоқ шартларига барча мамлакатлар рози демоқда. Шу жараённи қандай таҳлил қилган бўлардингиз?

Мирзамаҳмудовнинг баёнотини Ўзбекистоннинг позицияси, якуний қарори сифатида баҳолаш мумкинми? Яъни Ўзбекистон Россияга узил-кесил йўқ дедими?


— Мирзамаҳмудовнинг фикрида иккита тезис айтилди. Биринчиси – биз сиёсий шартлар қўйилган бирор муносабатларга кирмаймиз, дейилди ва бу жуда тўғри.

Иккинчи тезис шундай бўлдики, ҳа, бугунги кунда Ўзбекистонда газ муаммоси бор, лекин биз уни фақат тижорий шартномалар асосида, сиёсий шартларсиз импорт қилишимиз мумкин.

Хўш, иқтисодий ва сиёсий шартномалар ўртасида қандай чегара бор? Буни биз билмаймиз. Шунингдек, сиёсий шартлар деб нима назарда тутиляпти, сиёсий шартларсиз иқтисодий шартнома деганда-чи? Буни ҳам билмаймиз.

Шунинг учун расмий баёнотлар ўз йўлига, лекин шартноманинг матни эълон қилинмагунча саволингизга узил-кесил жавоб беролмаймиз.

— Биз, Путин гапираверади, босим қилаверади, лекин ўз йўлимиздан қайтмаймиз, дейишимиз мумкин эди. Лекин “газ иттифоқи” лойиҳаси матни учта давлат ўртасида ўта махфий тарзда айланмоқда. Шу сабабдан ҳам турли шубҳалар борки, балки ҳукумат бу иттифоққа кирар-у, буни халқ билишини истамас.

— Тўғри, бундай хавотирларга ўрин бор. Чунки газ етишмовчилиги бор дейилгандан кейин унга ечим сифатида дарҳол импорт таклиф қилиняптики, ўзимизда газ йўқ эмиш. Бу ерда иккинчи тезис нотўғри, чунки газимиз бор. Катта-катта инвесторларни қизиқтирадиган, миллионлаб дебит берадиган газ конларимиз кам, лекин кунига 200 минг, 500 минг ва миллион куб метр газ берадиган конларимиз ҳам бор.

Ҳамма муаммо шундаки, бугунги кунда бутун Ўзбекистон ҳудуди турли инвесторларга инвестицион бўлаклар қилиб бўлиб берилган. Қарангки, асосий қазиш ишлари совет иттифоқи даврида қайси ерда ва қайси конларда амалга оширилаётган бўлса, бугун ҳам айнан шу ҳудудларда амалга оширилмоқда. Яъни геология разведка ишларига пул кўп ажратилмаган ва у деярли олиб борилмаяпти. Ажратилган пуллар эса ўз жойига эмас, Ўзбекистон халқ хўжалигига керак бўлмаган лойиҳаларга сарфланганини кўришимиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди
13-12-2022, 09:26
Ортга қайтиш