Sangzor.uz / Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди

Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди

Педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди

Президент ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи ва меҳнатга ноқонуний аралашганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади. «Энди сиз қонун ҳимоясидасиз», — дейди президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов.

27 март куни Шавкат Мирзиёев педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни имзолади, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қонунга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда.

Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди. Педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Шунингдек, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима белгиланмоқда.

Илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланганди. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин.

«Барча устозларимизга ушбу янгилик муборак бўлсин. Энди сиз қонун ҳимоясидасиз», — деб ёзади президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов.

2 март куни сенаторлар «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунни маъқуллаганди.

Эслатиб ўтамиз, президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тез орада қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилганди.



28-03-2023, 09:54
Ортга қайтиш