Sangzor.uz / News time: Старт олган “Учқулоч” кони, интим видео бўйича муносабат ва нархи тушган помидорлар

News time: Старт олган “Учқулоч” кони, интим видео бўйича муносабат ва нархи тушган помидорлар

Ўзбекистонда помидор нархи кескин тушиб кетди  

Ўзбекистонда помидор нархи бир ҳафтада 33 фоизга тушиб кетди (22 минг сўмгача) ва бу пасайиш тенденциясининг бошланиши ҳисобланади, демоқда EastFruit экспертлари. Ҳозирда қизил думалоқ помидор нархи ўтган йилгидан 16% га юқори бўлса, пушти помидор нархи 1,5 баробар юқорилигича қолмоқда.

«Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлади» — президент

«Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар ошириш режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли — Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради, — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

Жиззахда “Учқулоч” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилишига старт берилди

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев вилоят ҳокимлигида инвестор, Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси бош директори Саваш Шахинни қабул қилди ва Фориш туманидаги “Уч-қулоч” полиметалл конини комплекс ўзлаштириш инвестициявий лойиҳаси бўйича суҳбат ўтказди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ушбу конни хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда тиклаш ва камида 600 иш ўрни яратиш вазифаси қўйилиб, лойиҳага 200 млн доллар ажратилиши кўзда тутилган эди.

Жорий йилнинг 12 апрель куни “Уч-қулоч полиметалл конини комплекс ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилишига старт берилди.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси ўртасида 3 томонлама шартнома тузилган бўлиб, қўшма корхона ташкил этилади. Конда разведка ишларини олиб бориш, рудани қазиб олиш ва қайта ишлаш амалга оширилади.

Кондан йилига очиқ усулда 500 минг тонна полиметалл руда қазиб олинади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида йилига 500 минг тонна рудани қайта ишлашга мўлжалланган замонавий бойитиш фабрикаси қурилади.

Бойитиш фабрикасида йилига 5,4 минг тонна рух концентрати ҳамда 18,4 минг тонна қўрғошин концентрати олинади.

Маълумот учун: 

Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 тонна қўрғошиннинг нархи 2 128 доллар, рухнинг тоннаси эса 2 810,50 долларни ташкил этади.

Андижон ҳокимлиги Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишлилиги айтилган видео бўйича муносабат билдирди

Тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинаётган интим видео тарқалганди. Вилоят ҳокимлигига кўра, видео бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилган. Видеони тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш бўйича амалий ишлар бошланган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини my.gov.uz орқали расмийлаштириш тартиби жорий этилади

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам ариза берувчиларнинг бевосита иштирокисиз расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

Айрим қурилиш материаллари импорти 2025 йилгача божхона тўловларидан озод этилди

Президент фармони билан Ўзбекистонга цемент, фанера, қолип ва бошқа қурилиш материалларини олиб кириш 2025 йилгача божхона тўловларидан озод қилинди. Аввалроқ давлат раҳбари ушбу чора уй-жой қурилиши таннархини пасайтиришга қаратилгани ҳақида айтганди.

Андижонда ички ишлар ходимлари ва фуқаролар муштлашди

Тармоқларда Шаҳрихон туманида ИИО ходимлари фуқаролар билан муштлашаётгани акс этган видео тарқалди. Уч фуқарога ЖКнинг 3 та моддаси билан ҳужжат расмийлаштирилди. Ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви тайинланди.

Ўзбекистон спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатини 11 та медаль билан якунлади

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида спорт курашлари бўйича бўлиб ўтган қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза — жами 11 та медални қўлга киритди.

16-04-2023, 10:26
Ортга қайтиш