Sangzor.uz / «Осмондаги болалар-3» фильмини қачон кўрамиз?

«Осмондаги болалар-3» фильмини қачон кўрамиз?

«Осмондаги болалар» фильмини таърифу тавсифлашга ҳожат йўқ. Халқимиз ҳар гал интиқ бўлиб кўради. У нафақат бадиий кино, балки ардоқли соғинчимизга ҳам айланиб қолди. Биз фильмдаги тўрт оғайнини мактаб давридан биламиз. Кейинги ҳаёти ҳам фақат ёшлигини акс эттиради. Мана энди «Осмондаги болалар-3» ҳавола этилмоқда. Биз фильм ҳақида режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан шу ҳақда суҳбатлашдик...

– Зулфиқор ака, «катта тарих»нинг давомига ойдинлик киритсак. «Осмондаги болалар-3» ғояси қандай пайдо бўлди?

– Биласизми, бу фильмнинг бош қаҳрамонлари йиллар мобайнида миллионлаб мухлисларга худди яқин қариндошларидек бўлиб қолган экан. Улар менга ЮЗ МИНГ мароталаб саволлар беришарди. Қаҳрамонларнинг кейинги ҳаёти нима бўлди, деб қайта-қайта сўрашарди... Албатта, бу ҳар бир ижодкор учун катта бахт.

Кўплаб мурожаат ва илтимослардан сўнг ниҳоят унинг давомини ёзишга киришдим. Анча вақт кетди.

Фильмни суратга олиб ҳам бўлдик. Худо хоҳласа, яқин кунларда «Осмондаги болалар»нинг учинчи қисмини томошабинларга ҳавола этамиз...

– Фильмнинг дастлабки қисмлари катта экрандан тушмаган, бир неча ой мобайнида кассабоп бўлган эди. Буни давлат киносида кузатиш – ноёб ҳодиса.

– Аниқ факт: «Осмондаги болалар-1» фильми «Панорама»да 9 ой узлуксиз қўйилган, иккинчиси беш ярим ой намойиш этилган. Телевидение ҳақида гапирмаса ҳам бўлади... Билганим шу... Аммо шахсан мен ёки ижодий гуруҳимиз аъзолари шунча йилдан бери фильм прокатидан бир тийин ҳам олмаганмиз.

– Одатда давомли фильмларда фақат биринчиси кўпроқ ном қозонади ва кўп даромад топади. «Осмондаги болалар»да бу қандай кечган?

– Ўзимнинг фильмим ҳақида гапириш анча нокамтарлик бўлади... Билмадим...

– Ниҳоят, учинчи қисм тайёр. Уни не-не тўсқинлик ва расмиятчиликлардан сўнг суратга олганингиз маълум. Бу қанча вақтни олди? Хўш, кўнглингиз тўлдими?

– Ҳа, фильмни яратиш биз учун байрам... Энг қийнаган ҳолат эса – кинога алоқаси булмаган одамларнинг расмиятчилиги, гоҳида эса очикдан-очиқ гина-кудурат қилгани...

– Филм қанча вақтда суратга олинди?

– Умумий ишлаб чиқариш вақти 9 ой... Худди она боласини юрагининг тагида ўстиргандай...

– Фильм трейлерида олдинги қисмларда иштирок этмаган актёрлар Карим Мирҳодиев ва Баҳром Матжоновни кўрдик. Улар қандай қаҳрамон?

– Карим ака ўзини, яъни Карим Мирҳодиевни ўйнади, Баҳром эса Америкада суратга тушди. Улар нафақат менинг дўстларим, балки маҳоратли актёрлар! Муҳими, шу!

– Дилноза Кубаева ҳам бор. Ҳамдам ролини ўйнаган Музаффар эса йўқ.

– Кубаева учинчи қисмда Ойпопукни ўйнади. Бахтиёрнинг қизи Ризвонгулни эса санъат институтида ўзим топган қизимиз Маҳлиё Асқаралиева ижро этди. Томошабинларимиз уни илк бор «Берлин-Оққўрғон» фильмида кўришган...

Музаффарга келсак, оиласи ва соғлиғидаги муаммолар туфайли суратга тушмади. Буни унинг ўзи ёзма равишда ёзиб берди. Иложимиз қанча!

– Осмондаги болалар катта бўлган. Уларнинг энг қувноқ даври навқиронликда қолиб кетган. Қаҳрамонларингиз жиддийлашгандир? Агар шундай бўлса, бу машҳур ва қувноқ «эпопея»га путур етказмайдими?

– Тўғри, ёши қирқдан ошган эркакларнинг йигирма ёшли йигитлардан фарқ қилиши табиий... Лекин кўнгиллари ўша-ўша: қалби тоза... Қувноқ саргузаштлар эса ҳалиям давом этади. Мазкур фильмимиз кайфиятни кўтариши билан ҳам халқ эътиборини қозонган. Бу анъана давом этади.

 Премьера қачон?

– Тахминан 25 апрелга мўлжалланган. Аммо ҳали таклифномаларни беришмади.

– Хўш, халқимизнинг севимли режиссёри Зулфиқор Мусоқов ҳозир нималар билан банд? Орзулар ва режаларингиз?.. 

– Тўрта сценарийни аллақачон кинематография агентлигига топшириб қўйганман... Улар ҳар хил мавзуда ва турли жанрларда ёзилган. Яъни, ўзбек бокс мактабини яратган улуғ спортчи Сидней Жексон ҳақида «Жексон ва унинг набираси», шаҳримиз билан боғлиқ илк комедия – «Ҳотамтой», шиддатли мелодрама – «Регистон узра лайлак қор» ва ниҳоят «Сардоба» номли комедиялар... Орзулар ҳозирча шу! Сизларга соғлиқ ва омад тилайман...

Анвар Намозов суҳбатлашди.

20-04-2023, 11:14
Ортга қайтиш