Sangzor.uz / БМТ бош котибининг телефон сўзлашувлари ўғринча тингланган. Бунинг ортида ким тургани маълум

БМТ бош котибининг телефон сўзлашувлари ўғринча тингланган. Бунинг ортида ким тургани маълум

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг телефон сўзлашувлари АҚШ махсус хизмати томонидан махфий равишда тинглангани норозилик уйғотди. Халқаро ташкилот расмий вакили Стефан Дюжаррик Вашингтонга бу борада Антониу Гутерришнинг хавотири етказилганини маълум қилди.

«БМТ бош котиби ва бошқа юқори мартабали ходимларнинг сўзлашувлари АҚШ ҳукумати томонидан кузатув ва назорат объекти бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расман хавотиримизни изҳор этдик. Биз бундай хатти-ҳаракатлар АҚШнинг БМТ устави ҳамда Имтиёз ва иммунитетлар ҳақидаги конвенцияда кўрсатилган мажбуриятларига номувофиқ эканини аниқ-тиниқ билдирдик», – дейди  Стефан Дюжаррик.

Ўтган ҳафта интернетга сиздирилган АҚШ махсус хизматига тегишли махфий ҳужжатларни тадқиқ этган BBC нашри БМТ бош котиби ва унинг ўринбосари сўзлашувлари яширинча тинглангани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, махфий ҳужжатларда Антониу Гутерриш дон келишувида кўпроқ Россиянинг манфаатларини ҳимоя қилгани қайд этилган.

«Гутерриш Россиянинг ҳатто санкция остидаги юридик ва жисмоний шахслари олди-сотдида қатнашаётган бўлса ҳам, рус экспорт имкониятларини яхшилаш лозимлигини таъкидлади», – дейилади Пентагон хулосасида.

Махфий ҳужжатларда БМТ бош котибининг ўз ўринбосари Амина Муҳаммад билан мулоқоти тафсилотлари ҳам келтирилган. Суҳбатлардан бирида БМТ етакчиси Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг Украинага қурол етказишни кўпайтиришга чақириғи юзасидан хавотир билдирган.

Маълумот ўрнида, АҚШ махсус хизматларига тегишли махфий маълумотлар 7 апрель куни интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ахборот дайджести шаклида тайёрланган ҳужжатларда Украина ва Россиянинг ҳарбий салоҳияти, шунингдек, Хитой, Ҳинд–Тинч океани ва Яқин Шарқ минтақаларига доир маълумотлар акс этган.

13 апрель куни АҚШ Федерал тергов бюроси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Жек Тейшейрани Пентагон махфий маълумотларини сиздириш гумони билан ҳибсга олди. 21 ёшли йигит Массачусетсда, Ҳарбий ҳаво кучлари 102-разведка бўлинмасида 2019 йилдан буён фаолият юритиб келган.

20-04-2023, 11:17
Ортга қайтиш