Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида айрим банклар мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарорига мувофиқ, тижорат банклари мансабдор шахслари тадбиркорлардан келиб тушган кредит аризаларини 5 иш куни ичида кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши шарт. Бироқ бу талабга риоя қилинмаган ҳолатлар кузатилди.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида 59 нафар банк мансабдори мазкур талабларни бузган. Улар томонидан 108 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаган.
Масалан, Узун туманидаги банк раҳбари якка тартибдаги тадбиркорнинг Ягона электрон платформа орқали йўллаган кредит аризасини белгиланган 5 кун ўрнига 38 кун кечиктириб кўриб чиққан. Бу эса тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатган.
Қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Бу каби ҳолатлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсиқ бўлиши мумкинлиги сабабли, банк мансабдор шахслари ўз мажбуриятларига янада масъулият билан ёндашиши талаб қилинади.