Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари улуши жадал ўсиб, жами тиббий хизматлар бозорининг 30 фоизини ташкил этмоқда. Мамлакатда умумий 9 мингта хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.
2017 йилдан бошлаб хусусий сектор сезиларли даражада ривожланди, шу даврда хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 9 мингтагача ошган. Айниқса, лаборатория хизматларининг 40 фоизи, офтальмологиянинг 60 фоизи, отоларингологиянинг 70 фоизи ва стоматология хизматларининг 91 фоизи хусусий клиникалар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шунингдек, лицензиялаш жараёнларининг такомиллашиши натижасида хусусий тиббиётда мутахассисликлар сони 50 тадан 225 тага етди. Бу 3,7 мингдан зиёд клиниканинг хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириб, тиббий хизмат турларини 726 мингдан 2,2 мингтагача кўпайишига олиб келди.
2024 йил ҳолатига кўра, хусусий клиникалар умумий ётоқ жойларининг 35 фоизини таъминламоқда, уларнинг сони 42,7 мингтага етди. Шу билан бирга, хусусий тиббиёт муассасаларига халқаро сифат стандартлари жорий этилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Вазирлик қайд этганидек, хусусий тиббиётнинг ривожланиши билан бир қаторда, унинг иш фаолиятини назорат қилиш, хавфсизлик ва сифат стандартларига мувофиқлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда.