Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ конида яна фавқулодда ҳолат қайд этилди. Маҳаллий аҳоли томонидан 18 январь куни суратга олинган ва Kun.uz таҳририятига тақдим этилган видеокадрларда кенг майдонда газ чиқиши ва ёнғин алангалари аниқ кўрилади.
Маҳаллий аҳоли газ чиқишидан хавотирда эканлигини маълум қилди. Уларга кўра, кон ҳудудида газ сизиб чиқадиган ёриқлар пайдо бўлиб, улар ёнғинга сабаб бўлмоқда.
"Бизга бу нефтнинг сизиб чиқиши деб тушунтиришмоқда, лекин ҳид сезилмайди. Ҳокимият бу ҳолатга сукут сақлаб турибди ва ваъдалар бериб келмоқда," – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Бошқа бир гувоҳнинг айтишича, ҳозирда газ сизиши кичик ва катта жойларда кузатилмоқда:
"Айни пайтда майдонда тахминан 18-19 та кичик чиқиш нуқтаси бор, улар орасида 1-2 та катта қудуқ ҳам мавжуд."
Мазкур ҳолат юзасидан масъул органлар томонидан ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ конида технологик бузилиш оқибатида водород сульфид сизиб чиқиши содир бўлган эди. Бу авария икки ҳафта давомида бартараф этилган. Бироқ, 17 сентябрда яна бир авария ҳақида хабар қилинган бўлиб, унга аниқ изоҳ берилмаган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан вазиятнинг батафсил ўрганилиши ва тегишли чоралар кўрилиши кутилмоқда.