Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, пахта етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар учун қатор қулайликлар жорий қилинди. Хусусан, 2025 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёси етиштирувчилар ўз маблағлари ҳисобидан етиштирган пахта учун давлат томонидан субсидия олиш имкониятига эга бўлади.
Пахта нархларини аниқлаш тартиби
Қарорга мувофиқ, пахта толасининг нархи Нью-Йорк биржасидаги охирги 6 ойдаги ўртача фьючерс котировкалари асосида аниқланади. Шу орқали:
- 2025 йил ҳосили учун пахта хомашёсининг бошланғич нархи 1 февралгача эълон қилинади.
- Нарҳ Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Биржа савдолари ва шартнома тузиш тартиби
Барча ҳудудлардаги пахта хомашёси етказиб бериш бўйича шартномалар Товар-хомашё биржасининг махсус секциясида қуйидаги асосларда ўтказилади:
- Пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар эркин танлов асосида шартнома тузиш имкониятига эга бўлади.
- Хўжаликлар етказиб бериш муддатларини ва харидорларни мустақил равишда танлайди.
- Барча шартномалар Биржа орқали расмийлаштирилади ва улар “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилинади.
Янги механизмнинг аҳамияти
Мазкур қарор пахта етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, соҳада рақобатни кучайтириш ҳамда ишлаб чиқариш занжирини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, бу жараёнда барча иштирокчилар учун тенг шарт-шароитлар яратилиши таъминланади.
Муҳриддин Жалолов