Қирғизистон парламенти депутати Марат Мураталиев Ўзбекистон пойтахтидаги ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга эътибор қаратиб, худди шундай тажрибани ўз мамлакатида жорий этишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, Тошкентда ҳатто резина билан иситилса ҳам тутун чиқармайдиган замонавий қозонхоналар барпо этилмоқда. Шунингдек, у кўмирга боғлиқликни камайтириш мақсадида хусусий уйлар учун қуёш панелларини имтиёзли кредитлаш ғоясини илгари сурди.
Бироқ, реал ҳолатни кўрсатувчи ҳаво мониторинги маълумотларига кўра, Тошкент бу "илғор" тажрибадан ўзини ўзи ҳали фойдаланаётгани йўқ. Охирги бир ой давомида пойтахт ҳавоси бирор марта ҳам "яшил" даражага етмаган, айрим соатларда эса ҳатто соғлиқ учун хавфли кўрсаткичларга чиқмоқда.
Экология вазирлиги мутахассислари эса халқаро ҳаво сифати рейтингларига тўлиқ ишониш керак эмаслигини таъкидлаб, IQAir платформасининг маълумотлари ҳар доим ҳам тўғри эмаслигини қайд этишди.
Шундай қилиб, Қирғизистон Тошкентдан ўрнак олишга шайланар экан, Тошкентнинг ўзи бу борада нечоғлик муваффақият қозонганини аниқлаштиришга арзийди.