DataLife Engine / Президент креатив соҳаларни ривожлантириш ва стартапларга кўмаклашиш бўйича муҳим ташаббусларни эълон қилди

Президент креатив соҳаларни ривожлантириш ва стартапларга кўмаклашиш бўйича муҳим ташаббусларни эълон қилди

Президент креатив иқтисодиётни ривожлантириш, IT ва профессионал хизматлар экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди.

Янги фармонга мувофиқ, 1 мартдан бошлаб 6 ой давомида сотилмаган 10 минг квадрат метргача бўлган давлат мулклари тадбиркорларга 10 йилга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Агар тадбиркор тўрт йил давомида ижара ҳақини тўлаб борса, объект унинг хусусий мулкига айланади.

Ёшларни IT ва чет тилларига ўқитиб, халқаро сертификатлар беришни йўлга қўйган тадбиркорлар учун биринчи йил ижара тўлови бекор қилинади. Шу асосда ҳар бир вилоятда камида 5 та давлат объекти тадбиркорларга ижарага берилиб, 100 минг нафар ёшга IT ва чет тиллари бўйича таълим бериш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, масофавий хизматлар экспортини кенгайтириш, бухгалтерия, консалтинг, суғурта, юридик ва бошқа профессионал хизматлар экспорт салоҳиятини ошириш зарурлиги қайд этилди. Ваколатли идораларга халқаро талабларни таҳлил қилиб, ўқув дастурларини мослаштириш ва зарур мутахассислар тайёрлаш топширилди.

Креатив иқтисодиётдаги стартап лойиҳалар учун бу йил 50 миллион доллар ажратилади. Президент мисол сифатида Нукусдан чиққан Бекназар Абдукамоловнинг муваффақиятини тилга олди. У «Amazon»да ишлаб, юртига қайтганидан сўнг, стартап лойиҳасига «Facebook»дан 3 миллион доллар жалб қилди ва бугунги кунда унинг активлари 15 миллион долларга етди.

Бугунги кунда дунёнинг йирик IT компанияларида фаолият юритаётган юзлаб ёшлар борлиги таъкидланиб, Рақамли технологиялар вазирлигига улар билан ҳамкорликда стартап лойиҳаларни амалга ошириш топширилди.

Умуман, 2025 йилда IT хизматлари ҳажмини 30 фоизга ошириш, 80 триллион сўмга етказиш ва экспортини 1 миллиард доллардан ошириш вазифаси қўйилди.

8-02-2025, 07:24
Вернуться назад