2025 йил 21 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Қонун оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда турмуш ўртоқлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, судга никоҳдан ажратиш ҳақида ариза топширилганида, эр-хотинни яраштириш мақсадида маълум бир муддат берилади. Бироқ, амалиётда бу муддат ичида низоли оилаларда жанжаллар такрорланиши ва оғир оқибатларга олиб келиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Янги ўзгартиришларга кўра, агар оилавий зўравонликдан жабрланган шахс буни талаб қилса, суд томонидан ярашиш учун белгиланган муддат тайинланмайди. Бу эса жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, қонунга кўра, турар жойдан фойдаланиш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилаётганда, суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббуси билан турар жойга мажбурий равишда киритилаётган шахсни мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жой билан таъминлаш ёки ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклаш имкониятига эга бўлади.
Мазкур ўзгартишлар оилавий зўравонликка қарши курашни кучайтириш, жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилавий низоларни адолатли ҳал этишга қаратилган.