Ўзбекистонга президент Эрдўғоннинг ташрифи кутилмоқда – Туркия элчиси

Ўзбекистонга президент Эрдўғоннинг ташрифи кутилмоқда – Туркия элчиси

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар икки қардош давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Президент Эрдўғон Ўзбекистон–Туркия олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашади. Элчига кўра, ташрифнинг аниқ санаси тегишли келишувлардан кейин маълум қилинади.

26 февраль куни президентлар Шавкат Мирзиёев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасидаги телефон орқали мулоқотда ҳам турли долзарб масалалар қаторида Тошкентда ўтказиладиган стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик ҳам муҳокама этилган эди.

Туркия элчиси дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан анжуманда ўтган йиллар давомида қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилганини  мамнуният ила қайд этди.

«Туркия ва Ўзбекистон ришталари 15-20 йил эмас, балки кўп асрлик мустаҳкам тарихга эга.  Онадўли ва Ўрта Осиё тарихан бир-бирига боғлиқ бўлган. Тил, маданият, тарих, эътиқоди муштарак икки халқни бир оғочнинг икки шохи деб аташ мумкин. Биз Ўзбекистонни эъзозлаб-ардоқлаб ота юртимиз деб атаймиз. Бу юксак мезон ҳамкорликнинг барча жабҳаларида ҳал қилувчи аҳамият касб этади», – деди элчи Олган Бекар.

Дипломат Ўзбекистон барча туркий халқлар қалбида ҳамиша алоҳида ўрин тутишини урғулади.

«Муштарак тамаддунимиз униб, илдиз отган ота юртимиз – Ўзбекистон ҳар бир туркий инсоннинг қалбида ҳамиша алоҳида ўрин тутган. Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Беруний, Ибн Сино каби башариятнинг илму ирфон уфқини юксакларга кўтарган алломалар; Имом ал-Бухорий, Имом Мотуридий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий сингари асрлар давомида мўминларга йўл кўрсатган уламолар; Алишер Навоий, Маҳмуд Кошғарий, Абдулҳамид Чўлпон каби тилимизни олий мақомга эриштирган буюк қалам аҳиллари мамлакатларимиз ўртасидаги муштарак қадриятларнинг фақат бир улуши, холос», – деди О.Бекар.

Қайд этилишича, гарчи икки халқ тарих силсиласида турли тажрибаларни бошидан кечирган бўлса-да, қардошлик ришталари азалий ва адабийдир.

«Туркия президенти девонининг эмблемасида тарихдаги буюк туркий империяларининг тимсоли бўлган 16 юлдуздан иккитаси Темурийлар ва Бобурийлар давлатларини акс эттиради. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива сингари шаҳарлари биз учун ҳам аждодларимизни эслатиб турувчи муқаддас маконлардир. Биз 1920-1922 йилларда олиб борган мустақиллик урушида ўзбек биродарларимиз томонидан кўрсатилган моддий ва маънавий ёрдамларни ҳали-хануз унутганимиз йўқ», – деди элчи О.Бекар.

Қайд этилишича, сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги муносабатлар изчил ривожланмоқда.

«Ўтган 30 йил давомида тўплаган тажрибамиз ва сабоқларимиз туфайли биз қўшма қарорларни тезда қабул қилиш имконини берувчи муштарак истиқболга эгамиз. Аъло даражада ва жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган алоқаларимизнинг президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифи билан янги босқичга кўтарилишига шубҳамиз йўқ», – деб хулоса қилади Туркия элчиси.

Маълумотларга кўра,  2021 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 72 фоизга ўсиб 3,6 миллиард долларга етди. Йил давомида Туркиянинг мамлакатимизга экспорти 1 миллиард 845 миллион долларни, импорти эса 1 миллиард 800 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Шу мақсадда мамлакатлар ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битим юзасидан келишув жараёни кетмоқда.

Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатимизда хорижий капитал иштирокидаги янги компаниялар сони бўйича Туркия биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йиллар давомида бу борада Хитой етакчилик қилаётган эди. 2021 йилда турк сармояси асосида 407 корхона таъсис этилди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. 1992 йил 4 март санасида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. 1996 йил 8 майда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида «Aбадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома имзоланган.