Хорижликларга Ўзбекистонда яшаш учун мулк сотиб олиш миқдори ўзгарди

Хорижликларга Ўзбекистонда яшаш учун мулк сотиб олиш миқдори ўзгарди

Президентнинг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон Фармони 6-иловасига мувофиқ хорижий мамлакатлар фуқароларига кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш учун талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати миқдори Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 400 000 АҚШ долларидан 300 000 АҚШ доллари эквивалентигача камайтирилган.

Шунингдек, президент кеча имзолаган фармонга кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

  • Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
  • бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.