Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти билан мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти билан мулоқот қилди

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилган. Унда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Суҳбатда Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилган. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўраган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тайёрланишини якунига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

«Преференциялар бош тизими плюс» афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар амалий ҳамкорликнинг аниқ дастур ва лойиҳаларини, энг аввало, «яшил иқтисодиёт», рақамлаштириш, инновациялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, экология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталганлар.

Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан фикр алмашилган.

Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, шунингдек, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик қарор топишига кўмаклашиш ва унинг халқига қўлдан келганча ёрдам кўрсатишга қаратилган йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш масаласи қўллаб-қувватланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев аввалроқ Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган эди.

скачать dle 12.0

Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив


Flag Counter