Президент янги таркибдаги ҳукумат олдида турган вазифаларни белгилаб берди

Президент янги таркибдаги ҳукумат олдида турган вазифаларни белгилаб берди

Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда янги таркибдаги ҳукумат олдидаги вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, саноатда 5%, қишлоқ хўжалигида 3% ва хизматлар соҳасида 14% дан зиёд ўсишга эришиш, бизнес учун шароитларни яхшилаш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 декабрь куни маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, ҳукумат таркиби ва иш тизимини ўзгартириш масалалари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2023 йилдаги энг муҳим вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда келгуси йилда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, саноатда 5 фоиздан, қишлоқ хўжалигида 3 фоиздан ва хизматлар соҳасида 14 фоиздан зиёд ўсишга эришиш мақсади белгиланди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бизнес учун шароитларни яхшилаш ҳамда солиқ базасини кенгайтириш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига йирик тармоқларда натижадорликни ошириш, саноат бормаган туманлар салоҳиятини ўрганиб, уларнинг «ўсиш нуқталари»ни ишга солиш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётни фақат инвестиция ва экспорт олдинга тортиши, келгуси йил экспорт ҳажмини 23 млрд доллардан ошириш зарурлиги таъкидланди. Умумий қиймати 8 млрд долларлик 300 дан зиёд лойиҳа ишга туширилиши ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди.

Транспорт соҳасида йўловчи ташиш хизматларини яхшилаш, барча йўлларнинг рақамли харитасини ишлаб чиқиш, йўлларда сервисни кўпайтириш чоралари белгиланди.

Шунингдек, таълим сифатини ошириш, илм-фан, туризм, маданият ва спортни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтикада коррупцияни йўқ қилиш, давлат қарамоғига муҳтож беморлар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди.

«Вазирлар изланиши, бутун тизими билан амалда ўзгариш қилиши керак. Ҳаммамиз оддий ва фидойи бўлиб, халқни севиб, қаттиқ меҳнат қилишимиз зарур. Пировард мақсадимиз — халқимизни рози қилиш», — деди президент.