"Али Хўжа - Хўжа Али" дегандай гап бўлибди ёки ҳокимдан олиб ҳокимга бериш ҳақида

"Али Хўжа - Хўжа Али"  дегандай гап бўлибди ёки ҳокимдан олиб ҳокимга бериш ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилиши бўлиб ўтибди. Унда ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилашни қизғин муҳокама қилишган.

Қонун номи: «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида».

Ана энди фракция аъзолари муҳокама қилган қонун лойиҳасини «кекс» жойига тўхталамиз:

«Қонун лойиҳасига ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш ва шу кабиларни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш» таклиф этилган.

Ҳокимнинг юқоридаги ваколати халқ депутатлари Кенгаши ишини ташкил этадиган ва унга раҳбарлик қиладиган ҳокимга берилади. Яъни ҳокимдан олиниб, ҳокимга берилади.

Зотан, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Намунавий Регламентининг 4-моддасида бу масалага ойдинлик киритилган:

«Халқ депутатлари Кенгаши ишини ҳоким — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади».

Яна бир қизиқ нарса: аксарият халқ депутати кимлар? Мактаб директори, боғча мудири, тиббиёт бирлашмаси раҳбари... Булар кимга бўйсунади? Албатта, Ижро ҳокимияти раҳбарига, яъни ҳокимга! Бундан ташқари, вилоят ҳокими — сенатор.

Келинглар, очиқчасига гаплашамиз: ҳоким — халқ сайламайдиган, халқ олдида ҳисобдор бўлмаган, даромадлари тўғрисида декларация топширмайдиган, ўзини ўзи муҳокама қиладиган ва ўзига ўзи ҳисобот топширадиган Кенгашнинг раҳбари. Қисқа қилиб айтганда, мутлақ ҳокимиятга эга садоқатли шахс. Юқоридаги қонун лойиҳаси мазмунидан келиб чиқсак, ер участкаларини ҳокимлар томонидан олиб қўйилиши чекланишнинг ўрнига, аксинча, қонунийлаштирилиб берилмаяптими?