Александр Лукашенко Ўзбекистон Президентига қизиқ таклифини билдирди

Александр Лукашенко Ўзбекистон Президентига қизиқ таклифини билдирди

18 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Саммит ишида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев ва Ҳамдўстлик Парламентлараро ассамблеяси кенгаши раиси Валентина Матвиенко иштирок этдилар.

Кун тартибига мувофиқ МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилди, шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги режалар белгилаб олинди.

Эътиборлиси, Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Президенти илгари сурган таклифларни юқори баҳолаб, келгуси йилда уларни биргаликда амалга оширишини таъкидлаб ўтди.

«Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромоновичнинг маърузасини диққат билан тингладим. Унинг маърузаси ҳамма нарсани қамраб олган, айтилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш учун уни яна бир йилга раисликда қолдириш мумкин бўлганда эди, деб ўйладим. Агар у қарши бўлмаса, биз келгуси йили унинг таклифларини амалга оширамиз. Бу таклифлар жуда муҳим ва ақлли», — деди Александр Лукашенко.

Давлатимиз раҳбари буни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон келгуси йили МДҲда ҳамраис бўлишини ва барча таклифлар биргаликда амалга оширилишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда МДҲда Беларусь Республикаси раис бўлади.