«Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан, ‘ура-ура’лардан чарчади» — Шавкат Мирзиёев

«Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан, ‘ура-ура’лардан чарчади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига таширифи ҳақида сўзлаб, давлат органлари раҳбларини 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилмаган тақдирда уларни ишдан олиш бўйича огоҳлантирди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

«Фарғонадан тушкун кайфиятда қайтдим. У маҳаллада [“Шодиёна”] раҳбар йўқ, ҳоким йўқ. Маҳаллага кирасан, 80-йиллардагидай… Кўчаларга, уйларга қараб бўлмайди, 1 квадрат метр ҳам ободонлаштирилмаган. У ерда раковина турибди, унинг остида пиёла, унинг тагида эса чиқинди», — дейди у.

«Миллий банкнинг Фарғона филиалида 80 дан ортиқ ходим ишлайди, ҳокимиятда 50 дан кам. Лекин банк ходимлари икки баравар ойлик олади», — дея таъкидлайди давлат раҳбари.

«Бизда назорат қилиш тизими йўқ. Бош вазирга топшириқ. Ҳар ой давлат дастурини бажармаган раҳбарларни ишдан бўшатади. Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан чарчади, ‘ура-ура’лардан чарчади…», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бош вазир вазиятни таҳлил қилиб, кимни ишдан олиш кераклигини, қуйи поғонани қандай ишлашга мажбур қилиш кераклигини айтишини таъкидлаган. «Биз Тошкент вилояти ҳокимини, спорт вазирини ишдан олдик. Бу ҳали бошланиши».

У раҳбарларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлаши лозимлигини қайд этган. «Нега Кудбиев [Давлат солиқ қўмитаси раҳбари], Бобожонов [ИИВ раҳбари] пастга тушмайди. Нега сизлар Худайбергеновга [Президент маслаҳатчиси] ўхшаб қоғозда эмас амалда натижа кўрсатмайсизлар?», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг ишдан олишини эслатиб ўтган ва бу «ҳали бошланиши» эканлиги ҳақида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев кутилмаганда Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига бориб, маҳалла оралаб юргани ва аҳоли билан учрашгани тўғрисида хабар берилганди.