DataLife Engine > Сиёсат / Ўзбекистон > Ўзбекистонда энди мулкдордан ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар 8 йилгача қамалиши мумкин

Ўзбекистонда энди мулкдордан ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар 8 йилгача қамалиши мумкин

Шавкат Мирзиёев 14 январь куни «Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (22,3 миллион сўмдан 33,4 миллион сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (33,4 миллион сўмдан 44,6 миллион сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жиноят кодексига маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга қуйидаги жазо чораларини белгиловчи қўшимча киритилди:

  • БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 миллион 600 минг сўмдан 55 миллион 750 минг сўмгача) миқдорда жарима;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

скачать dle 12.0



Вернуться назад