Соҳибқирон ва солиқ ислоҳотлари

Соҳибқирон ва солиқ ислоҳотлари

Буюк аждодимиз Амир Темур нафақат кучли сиёсий шахс, балки замонавий солиқ тизимининг асосчиси ҳамдир. У ўзбек давлатчилиги тарихида солиқларни тўлаш тартиби ва вақти, ҳар бир ҳудудда олинаётган даромадлар ва ўзига хосликларни ҳисобга олган ҳолда имтиёзлар тизимидан фойдаланиш, уларга мувофиқдавлат ғазнаси ва маҳаллий бюджетни шакллантириш каби тушунчалар аниқ белгилаб қўйилган солиқ тизимига илк бор асос солган ҳукмдор ҳисобланади. 

“Темур тузуклари”да жумладан шундай дейилади: “...Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёки бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар. Иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин.

Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашишига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.

Амир Темур даврида ташландиқ ерларни ободонлаштириш билан шуғулланганлар солиқлардан озод қилинган. Маҳаллий даражада жорий қилинган барча катта йиғимлар ҳам бекор қилинган. Солиқларнинг сезиларли қисми ижтимоий эҳтиёжлар, энг аввало ишлашга лаёқатсиз бўлган камбағаллар ва беморларга ёрдам беришга сарф этилган.

Бугунги кунда Солиқ кодексида акс этган кўплаб имтиёзлар ҳам айнан Амир Темур даврида жорий этилган қоидаларга кўра, адолатлилик, ижтимоий кўмак тамойилларига асосланади. Шу сабаб замонавий солиқ тизимининг тарихи сифатида Амир Темур давлатчилиги даврига мурожаат қилиш ўринлидир.

 

Жўрабек АХБЎТАЕВ,

вилоят ДСБ бошлиғининг ўринбосари