Ногиронлиги бор шахслар солиқлардан озод этилганми?

Ногиронлиги бор шахслар солиқлардан озод этилганми?

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилади.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк олтмиш квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод қилинади.

Автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан қуйидагилар озод қилинади.

а) ишлаб чиқарувчи завод томонидан қўл билан бошқаришга мослаштирилган енгил автомобилни ва (ёки) мотоаравача ногиронни сотиб олувчи барча гуруҳлардаги ногиронлиги бўлган шахслар;ik

б) яқин қариндошларидан ҳадя шартномаси ёки мерос асосида автомобиллар ва мотоаравачалар олувчи фуқаролар;

Фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун — бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилган.

Саволга “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари жавоб берди.