"Солиқчи - тадбиркорга кўмакчи" тамойили Пахтакорда қандай самара бермоқда

"Солиқчи - тадбиркорга кўмакчи" тамойили Пахтакорда қандай самара бермоқда

2022-йилнинг I-чораги давомида вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари ва Пахтакор туман солиқ хизмати ходимлари томонидан Пахтакор туманида жами 5 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 560 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Пахтакор туманида    1292тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 154 та корхонанинг 154 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 87 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Пахтакор туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 87 та корхонадаги 148 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 45 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 33 нафар, қурилиш корхоналарида 15 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 11 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 88,8 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 2 фоиздан 1,5 фоизга тушди.

2022-йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 6193.5 млн. сўм миқдорида солиқ тўланиб, бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 5139,7 млн. сўми, яъни 83 фоизи юридик шахслар, 1053,8 млн. сўми ёки 17 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 3248,5 млн. сўмини жисмоний шахслар даромад солиғи, 854,5 млн. сўмини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 2090,5 млн. сўмини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Жиззах вилояти Пахтакор туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 33 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 25 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 7 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 3,5 млн.сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 9 та корхоналарга ер солиғи, 12 та корхонага мол-мулк солиғи, 2 та корхонага ижтимоий солиқ, 2 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 2 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиғидан имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Пахтакор давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

 

Камол Алиев - Пахтакор туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи