Форишда солиқчилар тадбиркорларнинг 400 дан ортиқ муаммосига ечим топди

Форишда солиқчилар тадбиркорларнинг 400 дан ортиқ муаммосига ечим топди

2022-йилнинг 1 чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда жами 17 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 870 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Фориш туманида 1487 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 387 та корхонанинг 427 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 409 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Фориш туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 9 та корхонадаги 12 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 2 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 3 нафар, қурилиш корхоналарида 5 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 2 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва буджетга 1,2 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Форишликлар тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,1 баравар кўпайган. Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 48 корхонага 48,4 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.
2022-йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 7048,0 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 6000,0 миллион сўми, яъни 85,1 фоизи юридик шахслар, 1048,0 миллион сўми ёки 14,9 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 4517,5 миллион сўм ёки 64,1 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 694.3 миллион сўм ёки 9.9 фоизини айланмадан олинадиган солиқ, 178.5 миллион сўми ёки 2.5 фоизи юридик шахслар ер солиғига, 773.0 миллион сўми ёки 11,0 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 884.7 миллион сўм ёки 12.5 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.
Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Фориш туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субйектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 23 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 15 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 15 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 6,5 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
 

Хафизов Санжар 
Фориш туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари