Чек бермаган тадбиркорларни текшириш тартиби ўзгарди

Чек бермаган тадбиркорларни текшириш тартиби ўзгарди

Давлат солиқ қўмитаси охирги вақтларда харид чекларини бериш билан боғлиқ ўтказилаётган сайёр солиқ текширишлари бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим постлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Солиқ органлари маъмурчиликни амалга оширишда қуйидагиларга таянади:

  • тадбиркорлар учун бир хил шароитдаги муҳитни яратишга эришиш;
  • «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш.

Шунингдек, Халқаро молия институтлари ва профессионал экспертларнинг таҳлил ва хулосалари республикада яширин иқтисодиётнинг улуши 50 фоиздан юқори бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида бу кўрсаткич 70 фоизгача етиши маълум қилинган.

Шу муносабат билан хуфиёна иқтисодиётни жиловлашга қаратилган солиқ маъмурчилигининг замонавий инструментлари қаторида, чек бермаслик, пластик карталарга савдо қилишдан бош тортиш, пластик карталарга товарларни нархини ошириб сотиш ва бошқа қонунбузилишлари устидан кенг жамоатчилик назорати институти ишга туширилиб, фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиш учун «Солиқ» мобил иловаси амалиётга киритилди.

Ушбу ўзгаришларга фуқароларнинг фаол иштироки кузатилиб, йил бошидан буён 13 мингга яқин фуқародан 66 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатлар асосида назорат тадбирларини ўтказишдан олдин, ижтимоий тармоқларда келтирилганидек ҳеч қандай таҳлилларсиз эмас, уларнинг ҳар бири синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда.

Онлайн касса машиналари орқали урилган ҳар бир чек солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиб, мурожаатчининг хабари асослийлиги бевосита ушбу субъектга ўрнатилган онлайн назорат касса машинаси кўрсаткичлари билан солиштирилади.

Айнан шундай таҳлиллар натижаси билан 30 мингга яқин мурожаат бўйича текшириш ўтказиш рад этилган. Лекин қолган қисми текширилганда 97 фоизида ҳақиқатда чек урилмагани маълум бўлди. Амалга оширилаётган тадбирлар солиқ тўловчиларни жазолаш эмас, белгиланган солиқ сиёсати асосида бюджетга тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шу мақсадда жорий йил 1 июндан бошлаб:

  • «Солиқ» мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъи назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди. Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам хулоса қилинмасдан, қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса, белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.
  • Мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
  • Жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календар куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.
  • Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.