Норезидентларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари

Норезидентларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари

Бугунги глоболлашув жараёнида солиқ қонунчилиги муттасил такомиллашиб бормоқда. Солиқ юкини камайтирилиши, жисмоний ва юридик шахсларга берилаётган имтиёзлар солиқ тўловчилар учун қулайликлар яратилишига олиб келмоқда. Айниқса, норезидентлар фаолиятига солиқ солиш тартибининг қайта кўриб чиқилиши бу борада бир қатор енгилликларни юзага келтирди.

Бу жамиятга нима беради?

Хусусан, норезидентлар фаолиятига солиқ солиш тартибини такомиллаштириш бу чет эл компанияларининг Ўзбекистонда фаолият олиб бориши, уларга етарли шарт-шароитларни яхшилаш мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жалб қилишдек энг муҳим масалани ҳал этишда асосий роль ўйнайди. Шу мақсадда солиқ қонунчилигида норезидент юридик шахслар, айниқса фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент юридик шахслар фойдасига солиқ солиш тартиби соддалаштирилиб, доимий равишда  такомиллаштирилиб борилмоқда.  

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти юритишни режалаштирган хорижий компаниялар мамлакат ҳудудида ўз шўъба корхоналари ёки уларнинг улуши мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларини ташкил этиб фаолият юритиши мумкин. Бунда мазкур корхоналар алоҳида юридик шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади. Агар хорижий корхона мамлакатимизда бизнес-фаолиятни бевосита ўзи олиб борадиган бўлса, мазкур фаолият норезидент юридик шахснинг доимий муассасасини ташкил этишни талаб қилади.

Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентларнинг даромадларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексида батафсил очиб берилган.

Солиқ солинадиган даромадни аниқлаш фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентнинг даромадларидан солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда мазкур норезидент томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Унинг функциялари Солиқ кодексида назарда тутилган бўлиб, фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидент бўлган солиқ тўловчининг мажбуриятлари унинг доимий муассасасига юклатилиши мумкин.

Норезидент Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ўзининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси билан биргаликда бажариладиган битта лойиҳа ёки алоқадор лойиҳалар доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши мумкин, албатта.

 Агар норезидентнинг доимий муассасаси томонидан юртимизда ишлаб чиқарилган товарларни (хизматларни) норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган бошқа таркибий бўлинмаси реализация қилса, агар у худди шундай ёки айнан шунга ўхшаш фаолият билан ўхшаш шароитлардаги фаолиятда банд бўлган якка ва алоҳида шахс бўлганида ҳам ўзи доимий муассасаси бўлган норезидентдан мустақил равишда фаолият кўрсатганида олиши мумкин бўлган даромад бундай доимий муассасанинг даромади деб эътироф этилади.

Норезидент Ўзбекистон Республикасида учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, доимий муассаса шаклланишига олиб келадиган тайёргарлик ва ёрдамчи турдаги фаолиятни амалга оширса ҳамда бунда шундай фаолиятга нисбатан ҳақ олиш назарда тутилмаган бўлса, солиқ солинадиган база ушбу доимий муассасанинг бундай фаолият билан боғлиқ харажатлари суммасининг 20 фоизи миқдорида белгиланади.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси норезиденти доимий муассасасининг шундай норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдидаги мажбуриятлари бўйича юзага келадиган курсга оид фарқлар Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасаси даромадлари (харажатлари) жумласига киритилмайди.

Агар норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти доимий муассаса шаклланишига олиб келадиган биттадан ортиқ муассасаси бўлса, солиқ солинадиган база ва солиқ суммаси ҳар бир муассаса учун алоҳида ҳисобланади.

Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидентнинг солиқни тўлангандан кейин ўз тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилади ва Солиқ кодексида белгиланган солиқ ставкаси бўйича солиққа тортилиши керак.

Соф фойда деганда жами даромад ва доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади. Бунда жорий солиқ даври учун соф фойда айни бир доимий муассаса доирасида аввалги солиқ даврларида олинган зарарнинг умумий суммасига, башарти илгари бундай зарарлар соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса, камайтирилади.

Соф фойдадан олинадиган солиқнинг ҳисоблаб чиқарилган суммаси солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай давлат бюджетига тўланади.

Солиқ базасини аниқлаш чоғида Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятдан доимий муассаса орқали солиқ солинадиган даромадлар олиш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар, улар Ўзбекистон Республикасида ёки унинг ҳудудидан ташқарида бажаралганидан қатъи назар, доимий муассасанинг чегирмалари жумласига киритилади. Солиқ Кодексига мувофиқ чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг норезидентига ўзининг доимий муассасаси томонидан тўланадиган қуйидаги кўринишдаги суммалар ҳам чегирилмайди:

-ушбу норезидентнинг мулкидан ёки интеллектуал мулкидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун роялти, гонорарлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар;

-ушбу норезидент томонидан доимий муассасага кўрсатилган хизматлар учун харажатлар;

-ушбу норезидент томонидан доимий муассасага берилган заёмлар бўйича пул мукофотлари;

-ушбу норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси орқали фаолиятидан даромадлар олиш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар;

-ушбу норезидентнинг Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси қоидаларига кўра Ўзбекистон Республикаси норезиденти доимий муассасасининг солиқ солинадиган даромадини аниқлашда шу норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини чегириб ташлашга йўл қўйилса, бундай харажатлар суммаси шундай норезидент томонидан ўз танловига биноан қуйидаги усуллардан бири бўйича аниқланади:

-харажатларни мутаносиб равишда тақсимлаш усули;

-харажатларни чегирмаларга бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш усули.

Ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ва бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлар деб эътироф этилади.

Бунда ушбу норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари жумласига қуйидагилар киритилмайди:

-норезидентнинг бевосита доимий муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикасида ёки норезидентнинг ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасида Солиқ Кодексига мувофиқ чегирмалар жумласига киритиладиган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари;

-норезидентнинг бевосита ваколатхонаси ёки доимий муассасалари томонидан бошқа давлатларда қилинган, Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилган доимий муассасасининг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари;

-Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган доимий муассасанинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлар.

Норезидент ҳисобот (солиқ) даври мобайнида ўз танловига кўра бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларни солиқ ҳисоботига иловада кўрсатиладиган доимий муассасанинг чегирмаларига киритиш усулларидан фақат биттасини қўллайди.

Норезидентнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатлари Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасанинг чегирмаларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда киритилади.

Доимий муассасалар орқали фаолият юритадиган норезидентлар солиқ ҳисоботини солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига “бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ ҳисоботи барча солиқ тўловчилар томонидан ҳар бир ҳисобот ва солиқ даври ўтганидан кейин солиқ бўйича ҳисобда турган жойидаги солиқ органига тақдим этади” ва “ҳисобот даври якунлари бўйича — ҳисобот давридан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирмай, солиқ даври якунлари бўйича — солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай”назарда тутилган тартибда ва муддатларда тақдим этади.

Доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентлар солиқ даврининг якунларига кўра солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган муддатларда, солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳам (ихтиёрий шаклда) тақдим этади.

Доимий муассасанинг фаолияти солиқ даври тугагунига қадар тугатилган тақдирда, солиқ бўйича ҳисобот ва Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот фаолият тугатилганидан кейин бир ойдан кечиктирмай тақдим этилиши керак.

Норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассаса орқали фаолиятини тугатганда солиқ бундай фаолият тугагунига қадар тўланади.

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан доимий муассаса белгиларига жавоб берадиган фаолиятдан, доимий муассаса сифатида солиқ органида ҳисобга қўйишга қадар олинган даромадларга белгиланган тартибда солиқ агентида солиқ солиниши лозим.

Бунда солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган солиқ норезидент солиқ органида доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилганидан кейин солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, норезидентларга солиқ тўлаш ва ҳисобот топшириш масаласи солиқ қонунчилигида йилдан – йилга соддалаштирилиб, такомиллаштириб борилмоқдаки, бу эндиликда юртимизга хорижий фирма ва компанияларнинг кўпайишига, янги Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қатори жадал тараққий этишига хизмат қилади.   

                                                  Асқар Мамараҳимов,

Жиззах вилоят маъмурий суди раиси