Уй-жой солиғини уч карра ундириш бекор қилинади

Уй-жой солиғини уч карра ундириш бекор қилинади

Ўзбекистонда фуқаролардан уй-жой солиғини уч карра ундириш тўхтатилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда қонунчиликка мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ундириш белгиланган.

Аҳолига қулайлик яратиш ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, 2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 июнгача бўлган даврда жисмоний шахслардан, яъни ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни (Солиқ кодексининг 437-моддаси тўққизинчи қисми) ундирмаслик назарда тутилмоқда.

Қайд этиш керакки, 2020 йил 1 январдан бугунги кунга қадар фуқаролар томонидан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни тўлаб келаётган бўлса, кейинчалик тўланган солиқ суммалари Солиқ кодексига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёки мавжуд ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ундируви эндиликда Солиқ кодексининг 437-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган умумий тартибда амалга оширилиши назарда тутилмоқда.