Арнасойдаги сайёр қабулда 21 та мурожаатнинг 5таси жойида ҳал этилди

Арнасойдаги сайёр қабулда 21 та мурожаатнинг 5таси жойида ҳал этилди

Арнасой туманидаги маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича 4-сектор томонидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар бугун натижадорлигини кўрсатмоқда. Айниқса фуқароларнинг қатор муаммоларига ечим топиш мақсадида ташкил этилаётган сайёр қабуллар бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Арнасой тумани 4-секторига қарашли “Бўстон” ва “Бахтли” МФЙларида бугунги кунда 930 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда  оилалар сони 1336 та, аҳоли сони эса 4946 нафардан иборат.

Жорий йилда “Бўстон” МФЙ биноси жорий таъмирдан чиқарилиб,  670 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари якунланди. Ушбу маблағ  “Open budjet” (Ташаббусли бюджет) дастури орқали ўтган танловда туман 4-сектор раҳбари ташаббуси ва тарғиботи билан 400.0 млн сўм маблағ маҳаллий бюджетдан ютиб олинган эди. Айни пайтда ушбу бинода 4-сектор штаби ва МФЙ, Профилактика инспектори ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлади.

Сайёр қабул аввалида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов МФЙ биносида фаолият бошлаган тадбиркор Нигора Турсунованинг тикувчилик цехи фаолияти билан танишди. Тадбиркор дастлаб 1 та тикув машинаси билан фаолиятини бошлаган эди. Ҳозирда унинг 3 та ёрдамчиси бор. Улар буюртма асосида аёллар либосларини тикиш билан бирга, касаначилик асосида буюртмалар олиб ҳам ишлашмоқда.

Яна бир тадбиркор Озода Абдуллаева томонидан ишлаб чиқарилаётган хўжалик совунларини сотиши учун Жиззах шаҳар бозорларидан жой ажратиб беришда кўмаклашиш, шунингдек, оила аъзолари билан билан биргаликда юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқаришни ташкил қилган яна бир тадбиркор Насиба Ботированинг фаолиятини яна ҳам ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Аҳоли билан очиқ мулоқот жараёнида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун кредит ва ер майдони олиш, ичимлик суви муаммосини ҳал этиш, турар жой билан таъминлаш, уй қуриш ёки даволаниш учун моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш, спорт тўгарагини жиҳозлаш, йўлларни таъмирлаш,  таълим кредити олиш, электр бетон таянч устунлари ўрнатиш каби қатор масалалар юзасидан мурожаатлар  қилинди.

 

 

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли ташкилотлар масъулларига топшириқлар берилмоқда.

Ўтказилган сайёр қабул давомида ишсиз аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш ва яшаш шароитини яхшилаш мақсадида сектор ва масъуллар томонидан уларнинг оилавий шароитларини яхшилаш мақсадида зарур маиший техника воситалари ҳам топширилди.

 

Сектор раҳбари мурожаатчиларга 4 та микротўлқинли печ ва 1 та тикув машинаси топширди.

                                                                   Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати