Ўзбекистоннинг 5 та аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

Ўзбекистоннинг 5 та аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

2 январь куни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган ва тест режимида иш бошлаган Tax Free хизмати шохобчаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбек тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги Қарорида белгиланган. Бу сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар.

ҚҚС тўловини қайтариш учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларнинг барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, кешбекни расмийлаштирадилар. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача кешбек қайтариши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин тўлаб берилади.