Ризвон ҳаётни севади

Ризвон ҳаётни севади

23 ёшли Ризвон Фориш тумани марказида онаси ва икки нафар укаси билан яшайди. Насиба опа тўнғич ўғли туғилганида 20 ёшда эди. Сабабини аниқ билмайди: ҳамма орзиқиб кутган ўғли туғма фалаж бўлиб дунёга келди. Турмуш ўртоғи ногирон бола 6 ёшга киргунича чидади. Сўнг ажрашди. Бу орада Ризвоннинг яна уч нафар укаси туғилган эди. Тақдир экан, бир фарзанд турмади.

Насиба опа Ризвонни соғлом фарзандларидан кам кўрмади, оқ ювиб, оқ таради. Уни мудом ҳаётга қизиқтиришга, қисилиб-қимтиниб эмас, бор имкониятларини юзага чиқариб яшашга ўргатди. Ризвон уйда таълим олди. ўқиш, ёзишгина эмас, соғлом фикрлашга ҳам ўрганди. Афсуски, у равон сўзлай олмайди. Агар шундай бўлганида борми, биз Яратганнинг мўъжизаларидан бирига гувоҳ бўлишимиз аниқ эди.

Демоқчиманки, Ризвонбек инглиз, рус, турк тилларини мустақил ўрганган. Интернетда, Фейсбукда ишлай олади. Дунёнинг ҳар бурчидан минглаб суҳбатдошлари бор. Улар Ризвон билан мулоқотни кучайтириш учун унга почта орқали ноутбук, смартфонлар юборишади. Ризвон эса одамларнинг қўллаб-қувватлашидан кўнгли кўтарилиб, имкониятларини кучайтиришга тиришади. Оёқ панжалари ёрдамида фортепьяно чалади, компьютер ва телефонда ишлайди, ҳаттоки сурат чизади. Оддий қалам билан романтик манзараларни тасвирлайди. Эҳтимол, Ризвоннинг тилга чиқармаган туйғулари суратларда мужассам...

2019 йилда Фориш тумани марказида “Илғор ҳудуд” дастури асосида иш бошланганида Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси туманга масъул этиб биркитилган эди. Солиқ ходимларининг саъй-ҳаракати билан Ризвон яшайдиган кўп қаватли уй атрофи ободонлаштирилиб, маиший қулайликлар яратилди. Қурувчилар бирйўла Ризвон яшайдиган уйни ҳам таъмирлаб, ювиниш хонасини жиҳозлаб бердилар. Шу-шу Ризвондек ҳаётга чанқоқ йигитчанинг номи чиқди, уни йўқлаб келгувчилар, ҳомийлик ёрдамини кўрсатувчи саховатпеша инсонлар, ташкилотлар кўпайди.

3 декабрь – халқаро ногиронлар кунида Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси вакиллари ҳам Ризвоннинг оиласига ташриф буюриб, дилдан суҳбат қурдилар. Унинг қизиқишлари, машғулотлари билан танишдилар. Оилага беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Насиба опа ўғлининг бу ташрифдан боши осмонга етганини, солиқ тизими ходимларининг доимий ёрдамидан мамнун эканини билдирди.  

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати