Коррупция – “дўст” қиёфасидаги душманимиз


Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини халқимиз ҳар йилгидек чанқоқлик ва мамнуният билан тинглади. Бу йилги маърузада ҳам давлат ва жамият тараққиётини тезлаштирувчи жуда кўп амалий ечим ва  таклифлар билдирилди. Улар орасида коррупцияга қарши кураш мавзусининг ҳамон долзарблиги барча даражадаги раҳбар ва фуқароларни ҳушёрликка чорлаши керак.  

Мамлакатимиз 2019 йилда дунë мамлакатларидаги коррупция вазиятини кузатиб борадиган нуфузли Transparency International ташкилотининг Коррупция индекси рейтингида 180 давлат орасида 153-ўринни эгаллади. Бу албатта “Йил мамлакати” деб эълон қилинган давлат учун мос бўлмаган. кўрсаткичдир.  

Давлатимиз раҳбари таъкилаганидек, президент номига келиб тушаëтган¸ матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги шикоятларнинг аксарияти коррупция билан боғлиқ. Хусусан¸ ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳалардаги коррупция бўйича кўплаб мурожаатлар мавжуд. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Иллат бор экан, унга қарши курашда нималарга суянмоқ лозим? Аввало жамиятнинг давлат бошқарувидаги ўрнини оширишга аҳамият қаратмоқ керак. Чунончи, XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб Европа ва АҚШда жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тоборо кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партиялар, турли ҳаракатларнинг фаол ишлаши ҳам коррупция иллатига қарши ишончли қурол ҳисобланади.

Бугун юртимиздаги қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ички назоратни амалга оширувчи ички тузилмалар яратилган. Хусусан, солиқ тизимида ҳам ходимларнниг ички этикет қоидаларига риоя қилиниши қаттиқ назорат қилинади. Бошқарма ва ҳудудий инспекциялар тизимида режали равишда ҳуқуқий, ахборий хабардорлик тадбирлари, маърифий ўқувлар ташкил этиб борилади. “Солиқ ходимининг коррупцион фаолияти – давлат бюджетига хиёнат” тамойили асосида қатъий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг мурожаатномасида ҳам судлар мустақиллигини таъминлаш, журналистлар фаолиятини давомли тарзда қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилиши айнан коррупцияга қарши курашнинг кучайтирилиши деб қабул қилиш мумкин. Суд ҳокимиятининг максимал даражада мустақил ишлаши, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ташқи назорат воситаси сифатида катта куч ҳисобланади.

 Мурожаатномада, шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган ташкил этилиши эълон қилинди. Ушбу янги ташкил қилинадиган антикоррупцион орган, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган бўлади.

Умуман, бу борада фақатгина жиноий жавобгарликни оғирлаштириш билан курашиб бўлмайди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим. Муҳими, фуқаролар онгида коррупция орқали “иш тез битади” каби фикрларга жой қолдирмаслик, ҳаётда ҳар кимнинг иқтидорига мос ўрин топиши, Президентимиз айтганларидек, “Суд остонасига кирган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат бор эканлигига тўла ишониши керак”. Токи ҳар бир фуқарода коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфияти пайдо бўлмас экан, бу иллатни ооснликча енгиб бўлмайди. Токи юқорида тилга олинган коррупция индекси рўйхатидаги давлатимиз ўрни юқориламас экан, инвестициявий жозибадорлиги паст деб баҳоланади. Кичик совғадан бошланган коррупция иллати давлатимиз тараққиётининг асосий тўсиғи бўлиши мумкин. Хулоса – ҳар бир виждонли фуқаронинг ўзига боғлиқ.

Абдукарим ИШНАЗАРОВ,

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг