Ёшлар орасида: солиқчилар томонидан бепул тўгарак ташкил этилди

Ёшлар орасида: солиқчилар томонидан  бепул тўгарак ташкил этилди

Мирзачўл тумани 4-сектор раҳбари, ДСИ бошлиғи З.Сайдовов секторга қарашли Дўстлик МФЙда ёшлар билан учрашди. Тадбирда 80 нафар навқирон авлод вакиллари иштирок этиб, ўз муаммо ва таклифларини билдирдилар. Жумладан, 1-сонли мактабнинг битирувчи синф ўқувчиси Нуриддин Халосов миллий ширинликлар ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ниятида эканини, ишни бошлаш учун йўл-йўриққа муҳтожлигини айтди. Тижорат банклари ҳамда “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси туман бўлими мутасаддилари бўлғуси тадбиркорга бизнес-режа тузиш ва кредит олиш бўйича амалдаги тартиб-қоидаларни тушунтирдилар. Тўртинчи сектор раҳбари эса тадбиркор томонидан тўланадиган солиқлар ҳақида батафсил маълумот  берди.

Кейинги таклиф дарҳол ечим топгани билан ёшларга маъқул келди. Дилрабо Абдуманнопова томонидан ҳар бир ёшда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш учун бизнес бўйича тўгарак очиш таклифи билдирилди. Шу мактабнинг ўзида тўгарак ташкил этилиб, ҳафтада бир марта иқтисодиёт тармоғидаги мутахассислар иштирокида ўқув машғулотлари ўтказилишига қарор қилинди.

Мен бу тўгаракнинг фақат назарий эмас, амалиётда ҳам олиб борилиши кераклигини билдирдим, - дейди иштирокчи Гўзал Рустамова. – Таклифим инобатга олиниб, тумандаги ишлаб чиқариш корхоналарига бориш, амалиётни ўрганиш, иш жараёнини кузатиш кунлари белгиланди. Тўгарак фаолиятидан умидим катта. Орамизда ўз тадбиркорлигини йўлга қўядиган ёшлар кўпаяди, деб ўйлайман.

Учрашувда ёшларга янги Солиқ кодексидаги асосий ўзгаришлар ҳақида ҳам тушунча берилди. Қиш кунларида ис газидан эҳтиёт бўлиш, огоҳликни кучайтириш мазуси ҳам эътибордан четда қолмади.   

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати