Cолиқчилар ташкил этган семинарда электрон ҳисобварақ фактуралар афзаллиги тушунтирилди
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси мажлислар залида тадбиркорлар ва ҳисобчилар учун электрон ҳисобварақ фактуралар орқали ҳужжат айланиш тизими ва онлайн НКМдан фойдаланиш мавзусида ўқув семинари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулла Азизов иштирок этди.
Ўқув семинарида 200 нафардан зиёд иштирокчилар Давлат солиқ хизматига рақамли технологияларни жалб этишнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий ахборот маркази директори Ҳаёт Насруллоев маърузасида сўз борди.
Семинарда электрон ҳисобварақ фактуралар орқали ҳужжат айланиши ва виртуал кассадан фойдаланиш амалий кўргазма тарзида кўрсатиб берилди. Рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳеч қандай бюрократик тўсиққа ўрин қолдирмаслиги, аксинча яширин иқтисодиётга барҳам бериши ва коррупцияга йўл қўймаслиги билан жуда қулайдир.
Семинарда вилоятда фаолият кўрсатаётган касса аппаратларига техник хизмат кўрсатиш марказлари вакиллари томонидан тақдимотлар ўтказилди. Тадбиркорларнинг 30 яқин саволлари ва фаолиятда дуч келаётган айрим муаммолар тингланиб, мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати