Бири лола, бири сумбул, бири гул...

Бири лола, бири сумбул, бири гул...

Кўпчилик давлат солиқ хизматида ишлаш эркаклар учун мос,  деб ўйлайди. Аммо мураккаб бўлган солиқ тизимини тушуниш, ўзлаштириш, солиқ ва тушумларни ўз вақтида йиғиш, тадбиркорлар билан ишлаш, сифатли солиқ хизматларини кўрсатишда хотин-қизларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Вилоятимиз солиқ тизимида 23 нафар хотин-қиз меҳнат қилишмоқда. Улар давлат солиқ хизматчиси бажариши лозим бўлган барча юклама ва топшириқларни ўз вақтида, сифатли қилиб бажаришда ҳамкасбларига намуна бўлишаётир. Сиз суратда кўриб турган вилоят Давлат солиқ бошқармасининг бош инспекторлари Гулмира Ҳакимова (ўнгдан), Зилола Абдунабиева ва Нигора Арибжоновалар кўп йиллик иш тажрибасига эга, намунали фаолияти учун кўп маротаба Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланган ходимлардир. Улар намунали давлат хизматчиси бўлиши билан бирга тўлақонли оила соҳибалари ҳам.

Вилоят Давлат солиқ бошқармасида гендер тенглигининг таъминланишига катта эътибор қаратилиб, хотин-қизлар учун махсус меҳнат шароитлари яратиб келинмоқда. Давлатимиз аҳолисининг қарийб ярми хотин-қизлардан иборат эканини ҳисобга олсак, уларнинг иш билан бандлиги, доимий даромад манбаининг мавжудлиги, оилада ўз ўрнига эгалиги, пировардида ҳаётидан мамнунлиги жамиятимиздаги “бахт индекси” шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Шу маънода солиқ тизими ходимлари эркаклар билан теппа тенг ишлаб, давлатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамкасабалари билан ҳақли равишда фахрланишади.

Шерали СУЛАЙМОНОВ,

Вилоят ДСБ касаба уюшма қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.