Жаноб блогер - солиқчилар сиз билган ҳисоб-китобни билмасмикан?

Жаноб блогер - солиқчилар сиз билган ҳисоб-китобни билмасмикан?

Кўзингиз тушган бўлса,  ижтимоий тармоқларда бир латифа чиқди.

Унда “Урушда қатнашган чолдан қандай қилиб омон қолдингиз деб сўраса, - ликилламай окопда ўтириш керак" деган экан!

Бу албатта латифада уруш  давридаги ҳолатга изоҳ берилаяпти. Ҳозир мен бу латифани бежизга келтирмадим. Сабаби куни кеча блогер Хушнудек Худойбердиев томонидан “Сен халққа дўстми ёки айиққами?” деб номланган хабари эълон қилинди. Унда Давлат солиқ қўмитаси томонидан 4 апрель куни Чирчиқ шаҳридаги ўтказилган назорат тадбирида қонунбузилиш ҳолати аниқлангани, шаҳарда жойлашган “Азия” тўйхонасида 1989 йилда туғилган фуқаро М.Э ҳеч  қандай ҳужжатларсиз тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини оқлаб чиқибди. Постда блогер солиқчиларни фақат мусодарага ақли етадими?, “оддий ҳисоб-китоб” борасида баъзи мисолларни келтириб ўтибди.

Хўш ҳозир аҳвол қандай?

Шу кунларда бутун дунё оёққа турган. Ҳамма коронавирус пандемиясига қарши бирдамликда курашаяпти. Бизнинг мамлакатда ҳам ҳукумат бошчилигида катта кўламдаги ишлар амалга ошмоқда. Бутун дунё инқироз билан курашаётган паллада мамлакат аҳолисини ўлим чангалидан сақлаш учун одамларнинг барчасини ниқоб тақтириб, барчани карантинда сақлаяпти, қисқа фурсатда мега шифохонаси қуриб битказилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатни инқирозга олиб келадиган ишлаб чиқаришларни занжирини музлатиб қўйди.

Сиз тилга олган яширин цехда 183 нафар ходим ишлаётганлиги, уларга ҳар бир ниқоб учун 60 сўмдан иш ҳақи берилаётганлиги аниқланган.

Хўш бу ноқонуний тадбиркор ишчиларга 60 сўмдан хизмат  ҳақи беришга келишибдилар. Кечирасиз-у ўша яширин доромад олишни ният қилган сохта тадбиркор 183 нафар инсон тақдиригаям жавоб бера оладими?

Уларнинг саломатлигига ким жавоб беради? Улар шундай “уруш”да ўлмайди деб кафолат бера оласизми?

Уларнинг оиласи йўқми? Сиз билган ҳисоб-китобни солиқчи сизданда яхши билса керак?

Кечирасиз, блогер жаноблари, бутун дунё шу инқироз билан курашаётганда, пандемия вазиятида давлатнинг молиявий зарарини ҳисоблаб кўрганингизда бунақа бир томонлама ёндашган саёз мақола ёзмаган бўлардингиз.

Уйда ўтириб, бировга ақл ўргатиш осон. Солиқчилар “мина”лаштирилган зонада юргандек, давлат иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун туну-кун бозорларда юрибди. Сиз қўрқиб киролмаётган зоналарга солиқчилар кириб бораяпти. Шифокорлардан  кам ишлашмаяпти, ўша солиқчилар.

Латифани нега келтирганимни энди тушунгандирсиз.

                               Гулчеҳра Урдушева,

Жиззах вилоят ДСБ давлат солиқ катта инспектори,

                   Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси