Зоминда дори-дармон тақчилми?

Зоминда дори-дармон тақчилми?

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари Зомин туманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сovid-19га қарши самарали деб тавсия этилган дори-дармон нархлари, уларнинг  уч ойлик захирани яратиш ҳамда савдо қоидаларига риоя этиш ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказдилар.  

Дастлаб хусусий дорихоналардаги вазият кўздан кечирилди. Ўрганишнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида 49 турдаги дори воситаларининг мавжудлиги ва нархи ёзилган рўйхат ҳар бир дорихона сотувчиси томонидан алоҳида тўлдирилди. Ўрганиш вақтида ҳозирги кунда талаб энг юқори бўлган арбидол, азитромицин, гепарин, анаферон каби дори воситаларининг мавжудлиги, аммо талаб катта бўлганлиги боис сотувда тезда тугаб қолаётгани аниқланди.

- Аҳолига қулай бўлиши учун 24 соатлик иш режимига ўтилган, - дейди “Шаҳризода-Мед” хусусий корхонаси раҳбари Элдор Номозов. – Корхона қошида 3 та дорихона ишлаб турибди. Республикамиз бўйлаб айрим дори воситаларига талаб кескин ошганлиги боис таъминотчи корхона томонидан маълум лимит асосида берилаяпти. Аммо кун ярмига бормай тугаб қолаяпти.  Биз харидорларга бу дориларни кейинги куни етказиб келинишини тушунтираяпмиз. Дориларнинг нархига келадиган бўлсак, қўрқмасдан айтиш мумкинки, нархларни сунъий ошириш ҳолатига йўл қўйилгани йўқ. Аммо захира масаласида муаммо бор. Бу масалада имтиёзли кредит берилса, ечим топилар эди.

- Ҳозирги кунда иммунитетни оширувчи ва антибиотик турдаги дори воситаларига талаб жуда юқори. Фуқаролар нафақат касалланиш ҳолатида, балки профилактика мақсадида ҳам коронавирусни даволашда самарали деб тавсия этилган дори воситаларини харид қиляптилар. Шу сабабли айрим турдаги дорилар тақчиллиги бор. Аммо хавотирга ўрин йўқки, рўйхатдаги дори воситалари ҳар куни келтирилаяпти. Пандемия шароитида фармацевтларнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда бизнинг дорихонамизда айрим дорилар, асосан, антибиотик турга мансублари  ўз нархида сотилаяпти, - дейди “Холматова Наргиза” хусусий фирмаси раҳбари Наргиза Холматова.

“Закия” МЧЖ га қарашли дорихонада ҳам асосий муаммо лимит билан берилаётган дори-дармон воситаларининг тез тугаб қолаётгани экани маълум бўлди. Дорихонага келаётган фуқаролар дори-дармон нархи ошишига эмас,  уларни исталган вақти топиб бўлмаётганига эътироз билдирдилар.

Карантин вақтида аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини сифатли қондириш мақсадида вилоятимиз бюджетидан “Жиззах дори-дармон” МЧЖ учун  2 млрд. сўм субсидия ажратилган эди. Зомин туманида ҳам ушбу МЧЖ негизида ижтимоий дорихоналар ташкил этилган. Жумладан, туманнинг 4-сектори ҳудудига мансуб чекка ҳудудларда 2 та ижтимоий дорихона шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатаяпти.

 Туркман қишлоғидаги 16-сонли ҚОПда “Жиззах дори-дармон” МЧЖнинг филиали – 79-сонли ижтимоий дорихона ишлаб турибди. ҚОП ҚФЙ ҳудудидаги 7 та қишлоқнинг 10000 нафардан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатади.

- Туман бўйича жами 13 та ижтимоий дорихона шохобчаси ташкил этилди, - дейди “Жиззах дори-дармон” МЧЖнинг Зомин тумани бўйича вакили Ойбек Бобобеков. – Бундан ташқари Зомин, Зарбдор туманларининг узоқ ҳудудлари учун 1та кўчма дорихона хизмати йўлга қўйилди. Ҳар икки кунда ҳудудларга эҳтиёжга қараб дорилар пешма-пеш етказиб турилибди. Шохобчадаги дорилар фармацевтика стандартлари асосида жойлаштирилган.  Тўловлар терминал орқали барча турдаги пластик карталар билан қабул қилинаяпти

“Дуоба” қишлоқ врачлик пункти 4000 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳудуднинг аксар қисми бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардир. ҚВПга энг узоқ бўлган ҳудуд 30 км.ни ташкил этади.  99-сонли Дуоба ҚВПда ташкил этилган ижтимоий дорихонада ҳам дорихоналарда бўлиши   шарт бўлган 32 турдаги дори-дармон ҳамда covid-19да самарали бўлган дори воситалари  мавжуд. 

Бу каби ўрганиш ишлари барча туманларда ўтказилмоқда. Ўрганиш давомида тадбиркорларнинг муаммолари, аҳолининг фикрлари ҳам қайд этиб борилаяпти. Шу ўринда аҳолига мурожаат қилиб, дорихоналарда нархларнинг асоссиз оширилиши, савдо қоидаларининг бузилишига гувоҳ бўлсангиз, Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 222 07 00 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз сўралади.

 

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати