Ўз вақтида тўланган солиқлар оворагарчиликнинг олдини олади

Ўз вақтида тўланган солиқлар оворагарчиликнинг олдини олади

Сир эмас, оғир пандемия даврида фуқаролар соғлиғини сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу тадбирлар учун давлат бюджетидан катта маблағ талаб этилади. Давлат хазинасининг асосий қисми эса солиқлар ҳисобидан тўлдирилиши барчамизга маълум. Афсуски, айрим тадбиркорлар мана шундай мураккаб шароитда солиқларни тўлашни  пайсалга солиб келмоқда.

Албатта, мажбурий ундирув ибораси қулоққа оғир ботади.  Аммо қонун барчага баробар. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида муддатида тўланмаган ёки солиқ суммасининг тўлови кечиктирилган ҳар бир куни учун устама ҳисобланиши ва мажбурий ундирилиши белгилаб қўйилган. Ушбу тартиб солиқ мажбуриятларини унутган айрим тадбиркорлик субъектлари ҳузурига боришимизга сабаб бўлди.

Сайҳон маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Пойтуғ таъмир люкс” МЧЖ пандемия вақтида давлатимиз томонидан берилаётган солиқ енгилликларига муносиб жавоб бера олмади. Жамият томонидан тўланиши лозим бўлган жами 50 млн. сўмдан ошиқ солиқ қарздорлигининг катта қисми, яъни 42 млн. сўм маблағни тўлаш кечиктирилган. Аммо шу пайтга қадар тўланиши лозим бўлган 9.8 млн. сўмлик солиқ қарздорлиги муддатида узилмади. Халқимизда “қарзи борнинг – тинчи йўқ” деган мақол бор. Жамият томонидан ишлаб чиқарилган 100 000 дона ғишт хатловга олинди.

Жиззах шаҳридаги “Жиззах оқшоми” МЧЖнинг солиқ тўловларидан 25 млн. сўм қарздорлиги мавжуд. Аммо солиқ тўловчи юридик шахснинг шахсий кабинетига бир неча маротаба юборилган огоҳлантириш хатларига қарамай мавжуд қарздорликни тўлаш пайсалга солиб келинди. Оқибатда эса МЧЖ томонидан қурилган кўп қаватли турар-жойдан битта хонадон хатловга олинди. Солиқ кодексининг 114-моддасига биноан, мазкур мулкни  тасарруф этиш  солиқ органининг  рухсати ва назорати билан амалга оширилади.

-Жиззах шаҳри бўйича ташкилотларнинг бюджетдан солиқ қарздорлиги 2.4 млн. сўмни ташкил этади, - дейди Жиззах шаҳар ДСИ солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи Худойберди Шералиев. – Ушбу қарздорликни ундириш мақсадида Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларига биноан тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина сентябрь ойида 48 та хатлов тадбири ўтказилди ва жараёнда 180 млн. сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Йил бошидан буён эса солиқ қарздорлигини ундириш тадбирлари мобайнида 6 млрд. сўм қарздорликни сўндиришга муваффақ бўлинди. 

Албатта, тадбиркорлар учун енгил бўлмаган жорий йилда солиқ тўловларида узилишлар кузатилиши табиий. Аммо пандемия муносабати билан тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари ва енгилликлар бериш борасида давлатимиз раҳбарининг 6 та фармони қабул қилинганини ҳам ҳисобга олиш зарур. Жиззах вилоятида бугунга қадар турли солиқ тўловларидан берилган имтиёзлар 100 млрд. сўмдан ошиқни ташкил этмоқда. Яратилган имкониятларга қарамай, ўз солиқ мажбуриятларига бепарволик билан қараган айрим тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд ҳукми билан мажбурий чоралар қўллашга тўғри келмоқда. Ўз вақтида тўланган солиқлар эса бу каби оворагарчиликларга чек қўяди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати