Харидорларга чек бермаган тадбиркорлар жаримага тортилди

Харидорларга чек бермаган тадбиркорлар жаримага тортилди

Ҳар биримиз кундалик юмушлар билан турли савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида харидларни амалга оширамиз. Бироқ, харид қилинган маҳсулотнинг миқдори, қиймати яъни суммаси, қолаверса бошқа маълумотларини билмаймиз. Шу сабабдан ҳам мамлакатимизда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш мақсадида онлайн назорат касса машиналари амалиётга кенг татбиқ этила бошланди. Лекин баъзи тадбиркорлик субъектларида мазкур техник қурилмадан фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди.

— Сирдарё вилоят ҳудудида жами 4949 та нақд пул тушумига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлиб, уларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 сентябрдаги фармонига асосан вилоят бўйича 2193 та хўжалик юритувчи субъектларга онлайн назорат касса машиналари ўрнатилган, — дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Ориф Сангинов. — Ўтказилаётган профилактик суҳбат, тушунтириш ишлари ва берилаётган расмий огоҳлантириш хатларига қарамай вилоят бўйича 25 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн НКМ ишлатмаслик, шу билан бирга харидорларга харид чеки бермаслик ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221 ва 223-моддалари 1-қисмига асосан жами 121.0 млн сўм миқдорида молиявий жарималар ҳисобланган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисда”ги  ПФ-6098-сонли фармонига асосан нақдсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилиб, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белгиси асосида совринли ўйинлар ўтказиш Республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олди.

Янгиер шаҳридаги савдо шоҳобчаларида ўтказилган тарғибот ишларига қаралмасдан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилиши кузатилди.

— 2020 йил октябрь-ноябрь ойларида белгиланган тартибда тадбирлар ўтказилди, — дейди Янгиер шаҳар давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Акром Носиров. — Шундан 4 та ҳолатда тадбиркорлар томонидан харидорга онлайн назорат касса машиналаридан харид чеки чиқариб бермаганлиги аниқланди ва далолатномалар расмийлаштирилди.

Хўш, тадбиркор онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланмасдан олиб бораётган фаолиятини қандай изоҳлайди?

- Янгиер шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан шу йил ноябрь ойида дўконимизда текширув ўтказишди, - дейди “Yangiyer tehno” масъулияти чекланган жамияти В.Норқулов. -  Харидорларимиз кўплигидан харидорларга чек тақдим қилолмадик. Бундан кейин харидорларга чек берамиз.

Кеч бўлса-да тадбиркор онлайн назорат касса машиналари фақатгина имконият эканлигини англагани яхши албатта. Чунки яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда мазкур қурилма ўзини яхшигина оқлаши аниқ. Бу каби тарғибот ва ўрганиш тадбирлари солиқ органлари ходимлари томонидан давом эттирилмоқда.

 

Илғор Халилов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

шўъбаси бошлиғи